Деярли ҳар бир кишининг совитгичида тухум топилади. Кимдир ундан пишириқ тайёрлашда фойдаланса, яна ким учундир тухум — севимли нонушта. Аммо кўпчилик тухумдан нонушта тайёрлаш деганда, уни қовуриш ёки қайнатишни кўз олдига келтиради. Мақоламизда эса тухумдан пишириладиган бешта ноодатий нонуштабоп таомни келтириб ўтамиз, бунинг устига, улар жуда мазали!
Пашотга ўхшатиб қовурилган тухум
Зарур миқдордаги тухумни чала қайнатиб оламиз, совутамиз ва эҳтиёткорлик билан тозалаймиз, токи сариғи оқиб кетмасин. Сўнг талқон қилинган сухарига ботириб олиб, сарёғ солинган товада қовурамиз. Ёки алоҳида кляр тайёрлаб, тухумни унга ботириб олиш мумкин. Бунинг учун сметанани кўпиртириб, унга талқон қилинган сухари қўшамиз.
Микротўлқинли печда пиширилган тухум
Битта тухумни санчқи билан яхшилаб аралаштирамиз, унга майда тўғралган колбаса ва кўкпиёз соламиз. Сўнг аралашмани идишларга қуйиб, микротўлқинли печда 1—2 дақиқа давомида пиширамиз. Устига қирғичдан чиқарилган пишлоқ сепиб, яна 0,5—1 дақиқа пиширишга қўямиз. Бунда термоконтейнер ёки оддий кружкадан ҳам фойдаланиш мумкин.
Помидор устида пиширилган тухум
Ушбу рецепт учун анча йирик помидор талаб этилади. Битта тухум учун битта помидор олинади. Духовкани олдиндан 180 даражагача қиздириб қўямиз. Помидорнинг банди жойлашган қисмини (бутун помидорнинг тахминан учдан бир қисми) кесиб олиб, ичидан этини олиб ташлаймиз ва уни духовка листига ёки формага жойлаймиз. Ҳосил бўлган косачаларнинг тубига бироз қирғичдан чиқарилган пишлоқ сепиб, сўнг эҳтиёткорлик билан тухумни чақиб соламиз. 10 дақиқа пишириб, устига пишлоқ сепамиз ва у эриши учун яна бир-икки дақиқа пиширишга қўямиз. Тайёр тухумни кўкатлар билан безаймиз.
Тухумли нафис суфле
Духовкани олдиндан 150 даражагача қиздирамиз. Тўртта тухум сариғини 0,5 стакан сут ва 2 ош қошиқ ун билан яхшилаб аралаштирамиз. Учта тухум оқини эса алоҳида кўпиртирамиз (қаттиқ кўпик ҳосил бўлгунича), сўнг сариқ аралашмага эҳтиёткорлик билан қўшамиз. Кекс учун формачаларни ёғлаб, хамирни уларга соламиз (2/3 қисмини тўлдирамиз). 5—7 дақиқага пиширишга қўямиз, сўнг оловни бироз баландлатиб, яна 8 дақиқача пиширамиз. Хамирнинг юзаси куйиб кетмаслигига эътибор беринг.
Тухумли рулетчалар
Ичига солинадиган қиймани олдиндан тайёрлаб қўямиз — колбаса, пиёз, ширин қалампир, зайтун меваси, помидорни ўз хоҳишингизга қараб тўғранг. Товани қиздирамиз, ёғлаб оламиз, тухумларни кўпиртириб, товага соламиз. Бир томони пишгач, эҳтиёткорлик билан иккинчи томонини ағдарамиз ва устига қийма масаллиқларини сепамиз. Тайёр қуймоқни рулет қилиб ўраймиз ва кесиб чиқамиз.