Иш

Уйга отланган аёл

Дунёнинг ишлари ҳеч битмайди. Худди занжирга ўхшаб, бир-бирига уланиб кетаверади.

  • Эрта-индин маош олсам, албатта, онамни кўргани бориб келаман-деб ўзимга ўзим ваъда бердим-у, маош олгандан кейин ўз ташвишларимга кўмилиб қолдим.

Болаларимнинг бирига кўйлак, бирига оёқ кийим олиш керак. Болаларимга керакли нарсалар рўйхати битмайди-ю, маошим тугаб бўлади. “Ҳа, майли, шулар учун яшаяпмиз, омон бўлишсин”, деб ўзимга ўзим таскин берарканман, “Онамдан хабар олишим керак”, деган ўй ичимда хира чироқдек милтиллаб қолаверади.

“Ҳа, майли, дам олиш куни ҳамма ишни бир чеккага суриб бўлса ҳам онамни кўргани бораман”, деб аҳд қилдим. Якшанба ҳаммага дам олиш куни бўлса, аёллар учун иш кунидан  ҳам кўпроқ иш бўлади. Мен ҳам манаман деб кўриниб турган уй юмушларини тезроқ бажарсам, тезроқ онамни кўргани борсам, деб куймаланиб юрибман. Уйнинг одамни зада қилиб юборадиган юмушларини тез-тез бажарарканман, ишқилиб, хўжайиним онамникига боришимга йўқ деб қолмасинда, деб жоним ҳалак. “Кир ювилди, овқат қилинди, ҳамма ёқ ораста, энди кетсам бўлади”, деб хурсанд бўлсам, қўшним чиқиб қолди.

  • Шошилинч ишим чиқиб қолди, илтимос кичкинамга бир соат қараб туринг- деди у.

“Йўқ” дея олмадим. У эса бир эмас, нақд икки соатда келди. Энди кетаман деганимда соат тўртга яқинлашганди.

  • Соат еттида чойхонам бор, тез бориб, тез келарсан,- эримнинг огоҳлантиришидан йиғлаб юборай десамда сир бой бермадим. Кеч қолиб мени йўлдан қўймагин яна – эрим яна огоҳлантирди.

“Уфф, уйга борадиган куним ҳамма нарса йиғилади ўзи” деб жаврарканман, менинг ҳолимни билгандек қўл телефоним жиринглади.

  • Қизим, кеч қолдингку, тинчликми?- онамнинг овозидан хавотир олаётгани сезилиб турарди.
  • Йўлдаман, ойи, йўлдаман, ҳозир етиб бораман.
  • Қизим, таксида келақол, эшикда кутиб тураман.
  • Онам мени тушунгандек гапираркан, ўз-ўзидан хўрлигим келади. Эрим”бориб келишингга”, деб санаб пул берган. Аҳмоқ бўлмасам, маошнинг ҳаммасини болаларга ишлатмай, мана шунақа ҳолатлар учун олиб қўймасмидим. Энди таксига ўтирмасам, етиб келолмаслигим аниқ. “Қайтишга акамдан пул сўрарман”, деган ўйда йўловчи таксига ўтирдим. Шошилганимдан онам учун иккита нон ҳам олмабман. Бундан баттар хижолат бўлдим, сиқилганимдан қизариб кетдим. Уйга келганимда ойим эшик олдида кутиб турарди. Машинадан тушарканман, ойим шошилиб ҳайдовчига пул узатди.
  • Болам, шу етадими?

Ҳайдовчининг бош ирғаганини кўрган онам пулни бериб, мени уйга бошлади. “Ойи, қўяверинг”, деган гапим оғзимда қолди. Ойим менда пул камлигини қаердан билди, ҳали ҳануз тушунолмайман. Ўша куни шошилдим. Онам келинойимдан тезроқ ҳаракат қилади, дастурхонга ноз неъматларни олиб келаркан, “олиб ўтир қизим, озиб қолибсан, ол, ол” дейишни тўхтатмасди.

Шошилдим, тез-тез овқат едим, орадан бир соат ўтар-ўтмас эрим қўл телефонимга қўнғироқ қила бошлади.

  • Қизим, бир зумда кетиб қоласанми?- деди ойим ёш боладек мўлтираб.
  • Ойи, куёвингизнинг чойхонаси бор экан, шунга кетишим керак.
  • Доим шошиласан-а, қачон бундай бемалол келасан?
  • Келарман, ойи, сиз ҳам сиқилаверманг, ўзи шундоқ ҳам чарчадим.
  • Уйга отланарканман, ойим бир халта қилиб майда-чуйда солиб берди. Уйга кузатиб қўяркан, қўлимга яна пул тутқазди.
  • Бугун ўша кунни соғиниб эслайман. Энди кун бўйи вақтим бўлса ҳам огта уйимга боргим келмайди. Чунки мени соғиниб кутадиган, йўлимга интизор одамнинг ўзи йўқ. Онаси борлар, бой экансиз, онангиз ҳузурига шошилинг, улгуринг. Эртага армонда қолманг.

Зуҳра РЎЗИЕВА