Саломатлик

Халқ табобати ва замонавий тиббиёт

Пeкиндаги “Гуанангмен” шифохонасининг етакчи мутахассисларидан бири Суй Юн-Сян қадимий Хитой табибларидан қолган манбаларга асосланиб ўтказган тадқиқотларининг натижаларини эълон қилди. Шу тариқа, Суй Юн-Сян халқ табобатида қўлланиладиган усулларнинг замонавий тиббий билимларга қанчалик яқин эканлигини ҳам бир йўла синовдан ўтказишга муваффақ бўла олди. Хитой халқ табобатида қадимий бир ҳикмат бор, унда шундай дейилади: “Тананинг юқори қисмида азият етказаётган хасталиклар пастки қисмдаги аъзолар туфайли даволанади…” Бу нима дегани? Айтайлик, сизнинг қон босимингиз бирдан кўтарила бошлади. Нима қилмоқ керак? Хитой табобати анъаналарига кўра, одамнинг оёқ кафти ўртасида қон босимини туширадиган нуқта мавжуд. Хитой табиблари бу усулни шундай изоҳлайдилар: “Овқатнинг таги олиб кетмаслиги учун аввало қозон тагидаги чўғни олиб ташлаш лозим”. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам, бугунги хитойлик замонавий шифокорлар боши оғрийдиган одамларга кунига икки маротаба — эрталаб уйқудан уйғонганда ва кечаси уйқуга ётишдан олдин тўшакда ўтирган ҳолда қўлнинг бош бармоғи ила чап ва ўнг оёқлардаги нуқталарни уқалаш, қашишни тавсия этадилар. Оёқлар тагини галма-галдан юз маротаба уқаланг — шунда бу тавсияларнинг нақадар ўринли эканини дарҳол ҳис этасиз. Шундай қилиб, замонавий тиббиёт ходимлари қадимги усулларни қўллаш бугун ҳам ижобий натижа беришини илмий асосда яна бир бор исботладилар.

Манба: Avitsenna.Uz