Бугун, 3-август — Халқаро тарвуз куни. Шу муносабат билан тарвуздан тайёрланувчи музқаймоқ ретсепти билан бўлишишга қарор қилдик.
Тарвуз мева эмас, балки бодрингдошлар оиласига кирувчи сабзавотдир. Бундан 5 000 йил аввал Қадимги Мисрда етиштирилган. Тарвуз 90 фоиз сув, 10 фоиз фруктозалардан ташкил топган. Унда А, Б6 ва S витаминлари ҳамда бошқа микроелементлар бор. Шу боис, кўпгина касалликларга даво эканлиги тиббиётда тасдиқланган.
Айнан тарвуз пўстлоғида тортиладиган десерт ёзнинг иссиқ кунларида салқинлик, ажойиб таъм бахш этади.
Зарур масаллиқлар:
- 1 дона тарвуз
- 1 стакан шакар
- 1 стакан сув
Тайёрланиши:
1. Тарвуз ювилади, ўртасидан икки бўлакка кесилади ва лаҳм жойи қириб олинади.
2. Уруғларидан тозаланиб, лаҳм жойи блендерда (майдалагич) кўпиртирилади. Сув билан шакар упаси қиём ҳолига келгунча қайнатилади.
3. Тайёр бўлган тарвуз шарбати ва қиём аралаштирилади. Музлатгичга 2-3 соатга ёки бир кечага қўйилади. Уни музлатгичдан олиб, махсус асбоб билан ёки блендерда кўпиртирамиз. Аралашмага шоколод бурдаларини ҳам солиш мумкин. Улар тарвуз данаклари кўринишини ҳосил қилади.
4. Тайёр музқаймоқ тарвуз пўстлоғига жойлаштирилади ва 3—4 соатга яна музлатгичга қўйилади.
5. Илиқ сувга намланган пичоқ билан тарвуз бўлаклари каби кесилади ва дарҳол дастурхонга тортилади.
Ёқимли иштаҳа!