Биласизми, тиббий дори-дармонларсиз ҳам гриппдан ҳимояланиш мумкин. Бунинг учун уйингиздаги “хавфли ҳудуд”ларни тозалашни канда қилманг.
Дезинфекция воситалари бу борада қўл келади. Аммо хлордан фойдаланишни тавсия этмаймиз. Яхшиси, дўконларда сотиладиган микротолали сочиқлардан фойдаланинг. Чунки улар чайилганда чанг ва микробларни ўзида сақлаб қолмайди.
* Тез-тез фойдаланиладиган буюмлар: телефон, эшик тутқичлари ва телевизор пультини, айниқса, кўпроқ артиб туриш керак. Чунки уларда миллионлаб микроб зарралари йиғилиб қолади.
* Кун давомида хонани шамоллатиб туриш лозим. Мутахассисларнинг фикрича, грипп вируси шамоллашдан ҳам кўра, кўпроқ уйда йиғилиб қолган ҳаво-томчи зарралари орқали юқади.
* Шунингдек, хонани ультрабинафша нур тарқатувчи лампалар ёрдамида инфекциялардан тозалаш мумкин. Фақат бу маҳал хонада ҳеч ким бўлмаслиги ва амалиётдан сўнг бир неча дақиқага деразани очиб қўйиш талаб этилади.
* Агар уйда ёш бола бўлса, ўйинчоқлар тозалигига ҳам аҳамият беринг. Елим ўйинчоқларни совунли эритмада тозалаш мумкин, юмшоқ ўйинчоқларни эса целлофан халталарга солиб, бир кеча музлатгичда сақласангиз ёки изғирин кунлари ташқарига чиқариб, шамоллатсангиз, совуқ ҳарорат таъсирида вирус ва бактериялар йўқ бўлади.
* Идиш ювиладиган латтани ҳар етти-ўн кунда бир ўзгартириб туриш керак. Вақти-вақти билан уни стериллаш ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Бунинг учун латтани содали сувда ярим соат қайнатасиз.
* Совуқ кунлар бошланиши билан, табиийки, қўшимча иситиш воситаларига эҳтиёж сезамиз. Натижада хона исиш билан бирга унинг ҳавоси ҳам қуруқлашади. Шуни инобатга олиб, замонавий ишлаб чиқарувчилар ҳаво намлигини таъминловчи ва турли инфекцияларга қарши курашувчи ион тарқатадиган мосламаларни таклиф этишаяпти. Ионлаштирувчи воситалар ёрдамида ҳам гриппнинг олдини олиш мумкин.
* Уйингизда намлик бир меъёрда сақланиб, ёқимли ифор таралиб туришини истасангиз, докани совуқ сувда намлаб, ичига пахта солинг ва 3-4 томчи апельсин ёки ялпиз мойидан томизиб иситгич, устига қўйинг.
Манба: Darakchi.uz