Бу сафар мақоламизга ўзбек ошхонаси учун янгироқ бўлган баъзи яхна ичимликларни киритдик.
Бананли сутли коктейл
Ушбу ичимликни тайёрлаш учун 1 та банан, 100 г резавор мева (қулупнай, маймунжон ёки қорағат), 200—300 мл ёғли сут, 1 чой қошиқ асал (таъбга кўра) зарур бўлади.
Блендер стаканига банан бўлаклари, янги узилган ёки музлатилган резавор меваларни солиб, майдалаймиз. Таъбга қараб сут соламиз ва блендерда 2—3 сония давомида аралаштирамиз. Сўнг асал қўшамиз.
Яхна чой
Бундай чой учун 1 литр сув, 5 чой қошиқ кўк чой, 1 та лимон, 3—4 та ялпиз шохчаси, таъбга кўра шакар, муз бўлаклари талаб этилади.
Кўк чой дамлаб, унга таъбга кўра шакар соламиз. Совиганидан сўнг унга битта лимоннинг сувини сиқиб соламиз, янги узилган ялпизни майда тўғраб қўшиб юборамиз. Яхшилаб аралаштиргач, ичига муз бўлаклари солинган ҳолда дастурхонга тортамиз.
Классик лимонад
Бундай лимонадни тайёрлаш учун 2 дона лимон, 150 мл шакар қиёми, 250 мл газли сув, 300 г муз бўлаклари, 2—3 шохча ялпиз керак бўлади.
Идишга ялпизни қўлда бироз эзғилаб соламиз. Унга 1,5 та лимоннинг сувини сиқиб қўшамиз, лимон пўстини ва қолган яримта лимонни ҳам солиб юборамиз. Идишнинг 2/3 қисмини муз бўлаклари билан тўлдирамиз, устига шакар қиёми қуйиб, газли сув соламиз. Барчасини яхшилаб аралаштирамиз.