Саломатлик

Ёз келди, диареядан эҳтиёт бўлинг!

Мана, ҳадемай ёзнинг иккинчи ҳафтаси ҳам ниҳоялайди. Бу қайноқ фаслда болакайлар орасида кўп учрайдиган ич кетиши «мавсуми»нинг эса ҳали кети кўринмайди.

Саҳифамиз эксперти — олий тоифали шифокор-педиатр Муҳаббат НАСИВАЛИЕВА.

Ўзи ўтиб кетади деманг!

Одатда ич кетиши (илмий тилда айтганда диарея) гўёки ўз-ўзидан ўтиб кетадигандек қарашади. Бунга шу сабабки, баъзида касаллик аломатлари тез ўтиб кетади ва ота-оналар мутахассиларга мурожаат қилиб ўтиришмайди. Лекин баъзида касаллик шунчаки вақтинчалик «бекинади» ва қулай фурсатни пойлайди. Гоҳида эса касаллик шунчалик кучли намоён бўладики, зудлик билан даво чораларини кўрмаса бўлмайди. Бола организми жуда тез сувсизланиб қолади, кўп миқдорда суюқлик йўқотиш оқибатида модда алмашинув жараёни ва бошқа аъзолар фаолияти ҳам бузилади. Биринчи галда асаб тизими ва ошқозон-ичак тракти иши зарар кўради. Диарея хавфини назар-писанд қилмасликнинг оқибати яхши эмас. Дунё статистикасига кўра, диарея билан кечадиган касалликлардан ҳар йили 5 миллион бола вафот этади. Бу касаллик гўдак янги туғилган даврда ва 3 ёшгача бўлган пайтда айниқса хавфли.

Ким айбдор?

Вируслар. Улар ёзда ҳам, қишда ҳам болалардаги ич кетишининг энг кенг тарқалган қўзғатувчилари. Улардан энг «машҳур»лари — аденовируслар ва ротавирус.

Паразитлар. Улар бола организмига «ташриф буюришга ҳамиша ҳозиру нозир. Масалан, лямблия ҳам боланинг ичи кетишига сабаб бўлиши аниқланган.

Дориларнинг ножўя таъсири. Антибиотиклар, антацид воситалар, сурги дорилар ва кўп сонли биологик фаол қўшимчалар қабул қилганда ҳам диарея юзага келиши мумкин.

Фермент етишмаслиги. Бу қорин ғулдираши, шишиши, қорин оғриғи, ич кетиши билан характерланади. Қанд моддаси етишмовчилигида таркибида шакар бўлган маҳсулотлар (жумладан, ширин ичимликлар, шарбатлар) истеъмолидан кейин ҳам шундай ҳол кузатилади. Цинк етишмаганда бола озиб кетади, сочлари тўкилади, суюқ ва ёғли ич кетиши кузатилади.

Ошқозон-ичак трактининг сурункали хасталиклари. Болалардаги ич кетиши айниқса, узоқ вақт сақланиб турадигани ярали колит, Крон касаллиги, жигарнинг сурункали шикастланишларининг илк белгиси бўлиши мумкин. Якуний ташхисни эса албатта текширувлардан сўнг қўйиш мумкин.

Қачон шифокорга мурожаат қилиш зарур?

Барча даво чоралари боланинг аҳволи, касаллик даражасига қараб белгиланади. Диареяда қўлланиладиган дориларнинг аксарияти шифокор рецептисиз сотилади. Лекин ота-оналар кимнингдир тавсиясига биноан дуч келган «қорин оғриғига қарши» дорини болага беравермасликлари керак. Катталарнинг дориларини болага берманг, ҳатто у ўзингизга қачондир ёрдам берган бўлса ҳам. Қуйидаги ҳолларда албатта шифокорга мурожаат қилинг:

  • 1 ёшгача бўлган боланинг ичи кетса;
  • тана ҳарорати 38,3 даражадан юқори бўлса;
  • қорни кучли оғриса;
  • ич кетиши 3 кундан бери давом этаётган бўлса;
  • боланинг аҳволи яхшиланавермаса;
  • ахлатда қон кузатилса;

диареяга дори сабаб, деган гумонингиз бўлса…

Асоратлари

  • Баъзи болакайларда касалликдан сўнг узоқ вақт ичакларнинг функционал ўзгаришлари сақланиб қолади. Бу гоҳ ич кетиши, гоҳ ич қотиши, метеоризм ва бошқа ёқимсиз ҳолатлар билан намоён бўлади.
  • Ротавирусли инфекцияларда сўнг болаларда ҳаётининг биринчи йилида лактоза етишмовчилиги кузатилиши мумкин.
  • Кўп ҳолларда антибиотиклар билан даволанган инфекцион характердаги диареядан сўнг болачаларда ичак дисбактериози ривожланади.

Олдини олиш учун нима қилиш керак?

Агар фарзандингиз эмизикли ёшда бўлса, эмизишда давом этинг! Она сути гўдак учун инфекциялардан ҳимоялаб, диареянинг олдини олишда ажойиб восита. Агар бола эммаса, унга сунъий озуқа берсангиз, бифидобактериялари борини танланг. Сут маҳсулотлари, мева-сабзавотлар истеъмолида эътиборли бўлинг. Агар фарзандингизнинг териси қуруқлашганини сезсангиз, у бош оғриғи, айланишидан шикоят қилса, оғзи қуруқлашса, кучли чанқаса, бу организмининг сувсизлашгани аломатлари. Йўқотилган суюқлик ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилинг, яъни имкон қадар кўпроқ суюқлик ичириш лозим. Оғир бўлмаган ҳолларда газсиз сув бериш мумкин.

Уй шароитида тез ёрдам

Асосий рецепт: 1 л сувга 1 ош қошиқ шакар, 1 чой қошиқ Ош тузи ва ярим чой қошиқ ичимлик содаси солинг. Болага бу аралашмадан ҳар 5 дақиқада бир-икки хўпламдан ичириб туринг. Бирданига кўп ичирманг, қайт қилишга сабаб бўлиши мумкин.

Манба: Darakchi.uz