Ёз кунлари оёқларимиз тор ва иссиқ туфлилардан чиқиб, эркин, очиқ ёзги пойафзалда яйрайди. Тирноқларни чиройли педикюр қилиб, бежирим «босоножка»ларни кийиб юриш қандай гўзал?! Аммо аксига олиб, айнан ёз кунлари оёқлар билан боғлиқ муаммолар кўпаяди. Аммо яхши парвариш ва эътибор туфайли қуйидаги муаммолардан халос бўлишингиз мумкин.
Сувли қадоқлар
Янги пойафзалда кун бўйи юрганда оёқларда сувли қадоқлар пайдо бўлиши кузатилади. Эртасига умуман оёқ кийим кия олмай қоласиз, чунки қадоқ ёрилиб, қаттиқ ачишади. Бунинг сабаби, ёзда оёқлар иссиқ туфайли бироз тўлалашади, устига устак пойафзални колготки-чулкиларсиз киямиз. Натижада, оёқларимиз пойафзал чармига қаттиқ ишқаланади ва қадоқ ҳосил бўлади.
Ечим бор: доим сумкангизда тиббиёт пластирини олиб юринг, қадоқ пайдо бўлса, дарров ўша жойга ёпиштириб олинг. Янги пойафзал олганда аввал уйда кийиб юриб кўринг, шунда унинг оёқни ураётган жойларини аниқлаб оласиз ва кўчага чиқаётганда ўша жойларга пластир ёпиштириб қўясиз. Демак, қадоқ ҳосил бўлишининг олди олинади.
Агар муаммони кескин усулда бартараф этмоқчи, яъни қадоқни ёриб ташламоқчи бўлсангиз, жуда эҳтиёт бўлинг. Теридаги пуфакни ёргач, ҳеч нима билан ҳимояланмаган очиқ ярани ҳосил қиласиз. У ерга инфекция тушиши ва инфекциялар нам шароитда бир зумда кўпайиб, муаммолар келтириб чиқариши мумкин.
Терига ўсиб кирган тирноқ
Оёқларга доим босим тушиб туради, шу сабабли баъзида оёқ тирноқларининг тери ичига қараб ўсиши кузатилади. Оёқ тирноғи нотўғри олинган ёки тирноқнинг тери билан чегарадош ери шикастланганда шу ҳол рўй беради. Айрим одамларда оёқ бармоғининг туғма ўзига хослиги туфайли шундай бўлиши мумкин. Устига устак, жуда тор пойафзал кийилса, тирноқ яллиғланиб кетиши турган гап.
Тирноқларнигн тери ичига ўсиши олдини олиш учун уларни тўғри олишни ўрганинг. Оёқ тирноқлари овал бўйлаб эмас, тўғри чизиқ бўйлаб текис олинади. Яъни тирноқнинг бурчаклари олинмайди. Агар тирноқ терига ўсиб кириб бўлган ва уни ўзингиз мустақил ололмаётган бўлсангиз, педикюр мутахассисига боринг. Бордию яллиғланиш бошланганини сезсангиз, кечиктирмай жарроҳга мурожаат қилинг.
Тўлқинсимон (нотекис) тирноқлар
Оёқ тирноқлари юзаси тўлқинсимон бўлиб қолса, бу соғликдаги суаммолардан далолат беради. Пляжларда, чўмилиш ҳавзаларида, у ердаги душ хоналарида ялангоёқ юриш мумкин эмас. Акс ҳолда юқтирилган замбуруғлар шундай оқибатни келтириб чиқаради. Дам олишга кетаётганда ўзингиз билан замбуруғларга қарши восита олиб кетинг (ҳеч бўлмаса, яхши натижа берадиган шундай воситалар номини билиб олинг). Агар тирноқларингиз тўлқинсимон ўсиб кетаверса, шифокорга мурожаат қилинг.
Тирноқлар сарғайиши
Сарғайган тирноқлар хунук, ёқимсиз кўринади. Бу кетма-кет турли рангдаги лаклардан фойдаланиш оқибатидир. Шунингдек, организмида оқсил танқис инсонларнинг ҳам тирноқлари сарғаяди.
Хафа бўлманг, бунинг давоси бор. Дорихоналарда тирноқларни оқартирувчи воситалар сотилади. Уй шароитида эса тирноқларга лимонни ишқалаш орқали уларни оқартириш мумкин. Шунингдек, лимон шарбати қўшилган сувга оёқларни солиб ўтириш ҳам фойда беради. Балиқ, гўшт, пишлоқ, тухум, нон ва жигардан кўпроқ истеъмол қилиб организмдаги оқсил тақчиллигини бартараф этса бўлади. Аммо тирноғингиз табиатан шундай сарғимтил бўлса, ҳеч нима қилманг, барибир фойдаси йўқ. Тирноқларни оқартира олмайсиз, фақат қўшимча муаммолар орттириб олишингиз мумкин.
Ёрилган товонлар
Кўпинча ёзда сувга кўп теккани ва яхшилаб қуритиб артилмагани туфайли оёқлар қуруқшаб, товонлар ёрилади. Бунинг олдини олиш учун, аввало, душдан чиққандан кейин оёқларни қуригунча яхшилаб артишни одат қилиш керак. Денгизда ёки хлорланган бассейнда чўмилгач оёқларни кран сувида ювиш лозим. Гўзаллик салонларида қуруқшаб, қаттиқлашган товон терисини ғадир-будир нарса билан ишқалаш, яъни пилинг усули қўлланади. Буни уй шароитида ҳам қилса бўлади. Яъни оёқларни ош содаси солинган сувда ивитиб, тери юмшагач махсус ғадир-будир юзали ускуна (пилка) ёки кўпиктош (пемза) билан ишқалаш керак. Кейин оёқлар қуритиб артилади, юмшатувчи крем суртилади ва пайпоқ кийиб олинади. Муолажани кечки уйқуга ётишдан олдин амалга оширган маъқул.
Салонларда «суюқ писка» деган пилинг усули қўлланмоқда. Яъни махсус юмшатувчи ва тери қаватини кўчирувчи моддага оёқлар солиб ўтирилади, кейин дағал нарса билан товонлар ишқаланади. Бу муолажани ўз ишининг усталарига ишониб топширмасангиз, терини зарарлаш хавфи мавжуд.
Манба: Darakchi.uz