Ошхона

Юрак шаклида ширин кулча пиширамиз

Усти қарс-қурс қиладиган, ичи эса юмшоққина ширин кулчани нонуштага ейишга нима етсин? У ноодатий шаклда — юрак кўринишида бўлса, янада соз!

Зарур масаллиқлар:

ачитқили хамир учун:

  • 1 стакан сут
  • 300—400 г ун
  • 25 г ачитқи
  • 3 та тухум
  • 1 стакан шакар
  • 50 г маргарин
  • 0,5 чой қошиқ туз

хамирнинг ичига суриш учун:

  • шакар
  • маргарин

Хамирнинг устига суриш учун:

тухум

Тайёрланиши:

Аввал ачитқини тайёрлаб оламиз, бунинг учун 1 стакан илиқ сутга 25 г қуруқ ачитқи (дрожжи)ни солиб, эритамиз, 1 ош қошиқ шакар ва бир пиёлача ун соламиз.

Идишнинг оғзини сочиқ билан ёпиб, илиқ жойга 1—1,5 соатга қўйиб қўямиз. У максимал даражада кўтарилиши керак.

Энди хамирнинг қолган қисмини тайёрлаймиз. Бунинг учун алоҳида идишда 3 та тухум, 1 стакан шакар ва 0,5 чой қошиқ тузни аралаштирамиз. 50 г маргаринни эса эритиб, совиши учун четга олиб қўямиз.

Ачитқини тухум ва шакарли аралашмага қўшамиз, устидан ун соламиз. Яхшилаб аралаштиргач, совиган маргаринни ҳам қўшамиз. Хамирни стол устига олиб, қўлга ёпишмайдиган хамир пайдо бўлгунича оз-оздан ун қўшиб қориштираверамиз.

Сўнг уни идишга қайтариб солиб, сочиқ билан ўраймиз ва илиқ жойда 1,5—2 соатга қолдирамиз.

Хамир ошгач, ундан оғирлиги тахмина 80 граммлик бўлакчалар кесиб оламиз. Уларни беш дақиқа дам олдирамиз.

Ҳар бир бўлакчани 15 см диаметрда ёямиз ҳамда устига эриган маргарин суриб, 1 чой қошиқдан шакар сепамиз.

Хамирни шакарли томонини ичкарида қолдириб, рулет қилиб ўраймиз.

Сўнг уни иккига буклаб, пичоқ ёрдамида қайрилган жойига чуқур кесма туширамиз. Рулетнинг иккига бўлинган қисмини икки томонга очамиз, шунда юракча шакли пайдо бўлади.

Кулчаларни ёғланган листга териб қўямиз. Устига тухум сурамиз. Бунда кулчаларнинг шакарли қатламига тегмасдан, текис қисмига тухум суриш лозим.

Ширин кулчаларни 180 даражагача қиздирилган духовкада 15—20 дақиқа давомида пиширамиз.

Пишириқ тайёр. Ёқимли иштаҳа!

Манба: Daryo.uz