Асалнинг таркиби
Асал — ўсимликлар гулидаги шира (нектар)ни организмида қайта ишлаш йўли билан ҳосил қиладиган ширин суюқлик. Асал ўз таркибига кўра нектардан фарқ қилади. Асалда 80 фоиздан кўпроқ углеводлар (глюкоза, фруктоза), 0,4 фоиз кул, 13-20 фоиз сув бўлади. Асалда одам учун фойдали моддаларнинг 70 дан ортиқ тури бор. Шунингдек, асалда минерал моддалар: кальций, натрий, калий ва бошқалар; микроэлементлар, органик кислоталардан олма, лимон кислоталари, витаминлар (В2, В6, РР, C, Э, К) борлиги аниқланган.
Асал турлари
Табиатдан олиниш манбаига кўра, гул (нектар) ва шира (ўсимлик барглари ва пояларидан ажраладиган шира) асалига бўлинади. Гулдан олинган асал ҳам ўсимлик турига қараб беда, янтоқ, кунгабоқар, ғўза ва бошқаларга ажралади. Асал ўзининг таъми, ҳиди, ранги жиҳатидан, шунингдек, қайси фаслда қандай ўсимлик гулидан йиғилганлигига ва жойи (тоғ, ўрмон, водий)га қараб ҳам фарқланади. Энг яхши асал — тоғ асали, чунки у турли доривор гуллардан йиғилади. Оқ акация, беда, олма, шафтоли ва бошқа ўсимликлар гулидан тўпланган асал ҳам сифатли, офтоб кам тушадиган ўрмон гуллари ва етиштиришда турли заҳарли дорилар сепиладиган техника ўсимликлари, масалан, канопдан олинган асал анча сифатсиз ҳисобланади. Асал мумкатаклардан махсус асал ажраткич мосламалар билан ажратиб олинади.
Асалнинг шифобахшлиги
Асал қимматли озиқ-овқат маҳсулоти, унинг 1 килограммида ўртача 3200 калория энергия бор. Асалдан тиббиётда қадимдан дори-дармон сифатида фойдаланилган. Ҳозир фармацевтика саноатида турли дори-дармонлар ишлаб чиқарилади. Асалнинг ўзи турли касалликларга парҳез ва даво воситаси тарзида берилади. ХХ асрнинг 60 йилларидан бошлаб тиббиётда асал билан даволаш усуллари — апитерапия шаклланди.
Замонавий тиббиётда турли хасталикларни муолажа сифатида асалдан кенг фойдаланилади. Меъда-ичак касалликлари азоб берганда ҳар куни эрталаб бир чойқошиқ асал ейилса ёки шунча миқдордаги асал бир стакан қайнатиб совутилган сувда эритиб ичилса, яхши наф беради.
Юқори нафас йўллари яллиғланиши ҳам тузатишда асални сувда эритиб оғиз бўшлиғини чайиш керак. Бу томоқдаги йирингли яраларнинг сўрилиб кетишига ёрдам беради. Шунингдек, шамоллаш касалликларида бир ошқошиқ илиқ сутга аралаштириб ичиш ҳам фойдали.
Истеъмолнинг меъёри
Асалнинг ҳам ози ширин деганларидек, кўп истеъмол қилинган асал салбий таъсир кўрсатиш хусусиятига эга. Қандли диабет, аллергия, астмага чалинган ёки асалга сезгирлиги юқори беморларга бу неъматни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Катта ёшли кишилар кунига бир ош қошиқдан, ёш болалар эса ярим чой қошиқдан ортиқ асал истеъмол қилмаганлари маъқул. Одатда асал болаларга чой қошиқда овқатланишдан 2-3 соат кейин берилади. Шунда боланинг организми мустаҳкамланиб иштаҳаси очилади.
Керакли тавсиялар
Асални ширчой, сут ёки ширгуруч билан еган маъқул. Уни қайноқ сув ва иссиқ чойга аралаштириб ичилса, таркибидаги фойдали минераллари йўқолиши мумкин.
Асалдан даво топишда адашманг.
Касалликларни даволашда асални тўғри танлаш муҳим аҳамиятга эга.
Юқори нафас йўллари шамоллашида тоғ асали фойда қилади.
Ҳазм йўллари хасталикларида чўл ва дала гулларидан олинган асал шифо бўлади.
Юрак хасталикларида ўрмон асали кўпроқ наф келтирса, буйрак оғриғини даволашда каштан дарахти гулининг асали дармондори бўлади.
Асал хусусиятини йўқотмасин десангиз
Асал ўз шифобахш хусусиятларини йўқотмаслиги учун уни темир, тунука, алюмин ёки мис идишларда эмас, балки шиша, чинни ва сопол идишларда сақлаган маъқул. Бундан ташқари, асал солинган идишлар қуёш нури ва иситиш мосламаларидан узоқроқда турсин. Янги асал намлиги 18 19 % ва pH 3-4 бўлиб, ёпиқ идишда сувдан ва ҳаво намлигидан сақланса, бир неча юз йил айнимайди. Бироқ асал вақт ўтиши билан кристалланиб, қотиб қолиши мумкин; бунда уни суюқлаштириш учун кучсиз қиздириш керак.