Маданият

Юзни ёшартирувчи ва тетиклаштирувчи қовунли ниқоблар

Қовуннинг юмшоқ эти тери учун ажойиб антидепрессант бўлиб, қуёшли мавсумда иссиқнинг салбий таъсири оқибатларининг олдини олиш, терининг эрта қариши ва ҳаддан ортиқ қуриб кетишига қарши курашишда ёрдам беради.

Қовунли ниқобнинг ўзига хос хусусиятлари

Қовун таркибидаги А ва Б9 витаминлари ултрабинафша нурларига қарши фаол тўсиқ ҳосил қилади. Унинг эти ва шарбати таркибидаги S, PP витаминлари ва пектин моддаси терининг майинлиги ва таранглигида муҳим рол ўйнайди. Қовунли ниқоб курсини қўллагандан сўнг, терининг ранги ёрқинлашади, ундаги пигмент доғлар кичраяди ёки бутунлай йўқолади. Темир ва фолий кислотаси ёрдамида биринчи ажинларга қарши курашади.

Шунингдек, қовун таркибидаги калий ва кобалт ҳужайраларда намликни сақлаб туришга ёрдам беради, бу эса терида максимал даражадаги намликни таъминлайди. Қовунли ниқобни юзингизга қўллаш давомида сиз ўзига хос ароматерапия сеансидан ҳам ўтасиз. Унинг майин ва тетиклаштирувчи ҳиди кишига қувват бериб, мушакларнинг бўшашишига ёрдам беради. Бу ҳам ажинлар юзага келишининг олдини олиш усулларидан бири ҳисобланади.

Қовундан юз учун ниқоблар рецепти:

Қовунли ниқобни тайёрлаш учун унинг яхши пишган ҳосилидан фойдаланиш тавсия этилади. Ниқоб учун зинҳор дўконлардаги қовун шарбатидан фойдаланманг. Шунингдек, ниқоб учун қовунни август-сентябр ойларида харид қилиш тавсия этилади.

  1. Ҳар қандай юз териси учун мос келувчи тетиклаштирувчи ниқоб

Қовун шарбатига минерал сув ва ёғлилик даражаси паст сутни тенг миқдорда аралаштиринг. Ҳосил бўлган коктейлга сочиқчани ҳўллаб, 15—20 дақиқага юзингизга қўйинг. Ундан кун давомида тоник сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.

  1. Ажинга қарши

Икки ош қошиқ қовун шарбати ва этини бир ош қошиқ зайтун ёғи ва бир чой қошиқ асал билан аралаштиринг. Уни юзингизга массаж қилувчи ҳаракатлар билан суриб, 25 дақиқага қолдиринг. Уни ювиб ташлагандан сўнг, ҳар куни фойдаланадиган кремдан суриш мумкин.

  1. Оқартирувчи ниқоб

Қовун эти ва лимон шарбатини тенг миқдорда қўшинг. Терига 10—15 дақиқага суриб, кейин илиқ сув билан чайинг. Шундан сўнг бирор намлантирувчи крем суриш мумкин.

  1. Ёғли ялтирашни бартараф этиш учун

Битта тухум оқига бир ош қошиқ қовун шарбати ва шунча ёғсиз қатиқ қўшинг. Уни кўпиртириб, ниқоб қуриб қолмасдан туриб юзга суринг.

Қовунли ниқобдан фойдаланиш қоидалари:

- тайёрланган ниқобдан 12 соат давомида фойдаланинг. 2—3 соатдан сўнг ниқоб таркибидаги фаол моддаларнинг хусусиятлари камаяди, 5—6 соатдан сўнг у деярли фойдасиз, 12 соатдан сўнг эса тери учун хавфли бўлиши мумкин;

- тайёр ниқобни қўллашдан аввал совуткичда сақлаш мумкин;

- ниқобни олдиндан тозаланган юзга суринг;

- ниқобни сургандан сўнг, тинч ҳолатда бўлиш тавсия этилади.