20 йилдан буён овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ суд ишлари билан шуғулланадиган америкалик адвокат Билл Марлер ўз блогида заҳарланишга олиб келадиган маҳсулотларни санаб ўтди.
Пастеризация қилинмаган сут ва шарбатлар
Хом сут ва пастеризация жараёнидан ўтмаган қадоқланган шарбатлар бактерия, вирус ва паразитлар билан ифлосланган бўлиши мумкин. Пастеризация — озиқ-овқат маҳсулотларини зарарли микроблардан сақлаш учун 100 даражадан юқори бўлмаган ҳароратда қиздириш жараёни.
Яхши пишмаган гўшт
Гўшт яхшилаб қовуриб ёки қайнатиб пиширилганлигига эътибор беринг, акс ҳолда овқатдан заҳарланишингиз турган гап.
Супермаркетлардаги ювилган ва кесилган мева-сабзавотлар
Маҳсулотларга қанчалик кўп дастлабки ишлов берилган бўлса, уларнинг ифлосланганлик эҳтимоли шунчалик юқори бўлади. Яхшиси, ювилмаган сабзавот ва меваларни кўп бўлмаган миқдорда сотиб олиш ва уларни 3—4 кун ичида еб битириш лозим. Зеро, совитгичдаги шароит листерия каби бактериялар кўпайиши учун жуда қулай.
Хом ёки яхши пишмаган тухум
Тухумни хом ёки чала пишган ҳолда истеъмол қилиб, сальмоннелёз (ўткир ичак инфекцияси) орттириб олишингиз мумкин.
Хом денгиз маҳсулотлари
Моллюскалар, айниқса, чиғаноқлар сувни фильтрлагани туфайли, бактерияларни тўплаш хусусиятига эга. Микроблар кўпайишига, шунингдек, чиғаноқлар яшайдиган илиқ сув ҳам шароит яратади. Хусусан, уларда ошқозон-ичак касалликлари эпидемиясини келтириб чиқарадиган норовирус сақланиши мумкин.