“Lady.mail.ru” ҳар қандай дид учун мос тушадиган ёзги кўйлаклар турларини келтириб ўтди. Уларнинг барчаси жорий ёзги мавсум учун долзарб бичимларга эга.
Олди тугмали кўйлаклар
Бундай кўйлакни танлашда енг ва ёқа шаклига эътибор беринг. Эркаклар услубидаги ва узунасига чизиқ-чизиқ моделлар энг долзарбдир. Бундай кўйлакларни ўзингизда бор ҳар қандай ёзги пойабзал билан кийиш мумкин. Кроссовка, сандал ва эркаклар услубидаги оёқ кийимлар — ҳаммаси тўғри келади.
Этник услуб
Кашта туширилган, попукли жияклари бўлган, енгил ва табиий матолардан тикилган этник услубдаги кўйлакларни ёзда маза қилиб кийиш мумкин. Тўғри аксессуар танлай олсангиз, уларни ҳар қандай жойга кийиб бориш мумкин.
Запахли кўйлаклар
Бундай моделдаги кўйлаклар қоматни чиройли қилиб кўрсатишга ёрдам беради. V шаклидаги ёқа бўйинни “узайтиради”, ихчамгина белбоғ эса белни хипчалаштиради. Назокатли қиёфага эга бўлиш учун классик “лодочка” (илгаксиз очиқ туфли) ёки балетка билан кийиш тавсия этилади. Қишда эса бу кўйлак этик билан ҳам ярашади.
Катак-катак кўйлаклар
Ҳозир катак-катак нақш нафақат кўйлакларда, балки блузка, шим, юбкаларда ҳам учрайди ва урфда ҳисобланади. Аммо 60-йилларга хос курорт модасининг ўзгача нафосати фақат кўйлаклардагина сезилади. Аммо катак-катак кўйлакни шаҳарда ҳам бемалол кийиш мумкин. Бундай кўйлак билан энг мос тушадиган пойабзал — балетка. Бундан ташқари, уни эспадрилья, сандал ва пўкак тагчармли ихчам туфли билан мослаш ҳам мумкин.
Туника
Туникани эслатувчи кўйлакларни танлаш учун сабаблар кўп: унинг кенг бичими сизга жазирамада асқотади, шунингдек, қоматингиздаги баъзи камчиликларни осонлик билан бекитади. Агар мос тушадиган оёқ кийим ва бошқа аксессуарларни моҳирлик билан танласангиз, у ажойиб кеча либосига ҳам айланади.
Жинси кўйлаклар
Асосан жинси буюмлардан иборат образлар бир нечта мавсумдан буён урфда бўлиб келмоқда. Бу ёзда тугмали ва чўнтакли классик сарафанларни ҳам, комбинацияланган кўйлакларни ҳам топиш мумкин. Сарафанларни ёзда блузка ёки футболка билан, қишда эса водолазка ёки кардиган билан кийинг.