Гарчи салат — рационга муҳим витамин ва микроэлементлар манбаини қўшиш усули бўлса ҳам, унинг ичига бутун натижани йўққа чиқарадиган озиқ-овқатларни қўшиш мумкин. Эътиборингизга озишни хоҳловчилар салатга яхшиси қўшмаслиги лозим бўлган баъзи озиқ-овқатлар рўйхатини ҳавола қилмоқчимиз.
Қовурилган товуқ, креветка ёки тофу
Қизартириб қовурилган товуқ гўшти, кокосли креветкалар ёки қўшимча калория берувчи ҳар қандай ишлов берилган оқсил салатнинг парҳезлилик хусусиятини камайтиради. Грилда пиширилган товуқ, креветка, қотириб қайнатилган тухум, буғда тайёрланган тофуларни танланг.
Қисирлайдиган угра ва вонтон
Улар салатга калория ва ёғдан бошқа ҳеч нарса қўша олмайди. Буларнинг ўрнига салатга бир-икки ош қошиқ бодом, ёнғоқ, писта, ошқовоқ уруғи қўшинг.
Қаймоқли қўшимчалар
Бундай кремли қўшимчалар салат таркибига сиз учун кераксиз бўлган калория, натрий ва фойдасиз ёғлар қўшади.
Ёғсизлантирилган қўшимчалар
Ёғсизлантирилган қўшимчалар таркибида одатдагиларга қараганда шакар ва туз кўпроқ бўлади. Бизнинг организмимиз сабзавотлардаги ликопен ва А витамини каби муҳим микроэлементларни сингдириш учун ёғларга — уларнинг фойдали турларига муҳтож. Шунинг учун бундай қўшимчаларни яхшиси зайтун ёғи, олма сиркаси ва лимон шарбати аралашмаси билан алмаштирганингиз маъқул. Меъёрида ишлатишни унутманг ва 1-2 ош қошиқ билан чекланинг.
Қуритилган мевалар
Қуритилган клюква, ўрик ёки майизнинг чорак стакани таркибида 22 грамм шакар ва 100 калория мавжуд. Қуритилган меваларнинг ўрнига клетчатка ва антиоксидантларга бой бўлган ярим стакан кесилган узум ёки мандарин қўшганингиз яхшироқ.
Манба: Daryo.uz