Демак, компьютердан узоқ муддат фойдаланган инсонга унинг таъсири, зарарини камайтириш йўллари ҳамда саломатликни сақлаш учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги тўғрисида маълумот бермоқчимиз.
Компьютердан фойдаланувчи инсонлар саломатлигига таъсир этувчи зарарли омиллар:
- узоқ муддат ўтириб ишлаш жараёни;
- монитордаги электромагнит нурланишлар таъсири;
- кўриш органларига тушадиган юкламалар, яъни кўз толиқиши;
- қўл-кафт бўғимларига тушадиган юклама;
- ахборотлар йўқолиб қолган пайтдаги стресс ҳолатлар.
Компьютерда узоқ муддат ўтириб ишлаш, яъни камҳаракатлик – гиподинамия дейилади. Эътибор берсангиз, компьютер олдида ўтирган инсонда бўйин, бош, қўл ва елка мушаклари таранг ҳолда бўлиши оқибатида умуртқа поғонасига ҳам ортиқча юклама тушади. Баъзида умуртқа поғонаси чарчаши туфайли болалар стол устига ётган ҳолда ундан фойдаланадилар. Бунинг оқибатида катталарда остеохондроз, болаларда эса сколиоз касаллиги пайдо бўлади.
Шунингдек, кўп ўтириш давомида стул билан тана ўртасида ўзига хос “иссиқ компресс” ҳаёти юзага келиб, у ўз навбатида простата безлари яллиғланиши, простатит, геморрой касалликларини юзага келтиради. Камҳаракатлик моддалар алмашинуви бузилиши хамда “семириш” касаллигига ҳам замин яратади.
Электромагнит нурланишлар
Компьютер ва бошқа электр асбоблари ўзидан электромагнит нурларини тарқатувчи манба ҳисобланади. Улардан чиқаётган электростатик нурлар ҳамда майда чанг зарралари терининг очиқ жойларига тушиши оқибатида турли аллергик касалликлар келиб чиқади. Ҳатто, сочлар тўкилиши, тери қуриши ҳам кузатилади.
Бу ҳолатларнинг олдини олиш учун аҳамият беринг!
Kомпьютер бор хоналарда вентильяция тизими яхши йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқдир. Хонани тез-тез шамоллатиб туринг. 1 та монитор учун майдон сатҳи 9-10 метр кв бўлиши лозим. Хонанинг намлик ҳолатини яхшилаш мақсадида махсус ҳавони намловчи мосламалардан фойдаланинг. Ойнани тез-тез ҳўл дока билан артиб туринг.
Кўриш органларига таъсири
Компьютер билан ишлаш давомида кўзимиз доимий равишда экранда бўлади. Монитор ёруғлик манбаи бўлиб қолмай, балки мунтазам равишдаги жимирлаш ҳолатлари кўзни таъсирлантиради.
Кўздаги қаттиқ оғриқлар, кўз ёшланиши, қорачиқ ва қовоқлар қизариши, пешона соҳасидаги оғриқлар, тез чарчаш ҳолатлари “дисплей” касаллиги деб аталади.
Кўз чарчаб қолмаслиги учун қуйидаги талабларга риоя қилинг:
- монитор билан кўз оралиғидаги масофа 45 см.дан кам бўлмаслиги;
- ёруғлик монитор экранига тушиб, ярқираб, кўришга халақит қилмаслиги;
- экран сатҳини тез-тез артиб туриш;
- кўзга дам бериш учун 10-15 дақиқалик танаффус қилиш.
Бу машқлар кўз учун жуда муҳим:
- 10 сония кўзларингизни юмиб туринг;
- 5-10 сония кўзни очиб-ёпиш машқларини бажаринг;
- кўз соққаларини айлантиринг;
- ойнадан узоқ ва яқинга (ойнага қоғоз ёпиштиришингиз) қараш машқлари кўзингиз дам олишига имкон яратади.
Демак, ушбу таъсирлардан йироқ бўлиш ҳамда соғлигимизни асраш учун компьютер ёнида меъёр даражасида фаолият олиб борганимиз мақсадга мувофиқдир.