26 июль куни ЎзДЖТУда АҚШнинг Вебстер университетининг TESL – инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш ихтисослиги бўйича бир йиллик магистратура дастурини очиш ҳақидаги келишув имзоланди. Kun.uz шу ҳақда ёзмоқда.
Маълум қилинишича, бу Америка олий таълим муассасасининг Марказий Осиёдаги биринчи магистрлик таълим лойиҳаси бўлади. Келажакда бошқа мутахассисликлар бўйича ҳам ҳамкорликдаги таълим дастурларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
«Ўзбекистонда хорижий тиллар» интернет портали тарқатган хабарга кўра, жорий йилда бу дастурда иштирок этиш учун нафақат Ўзбекистон, балки, Марказий Осиёнинг барча давлатларидан мутахассислигидан қатъи назар бакалавр даражасига эга, инглиз тилидаги билим даражаси IELTS – 6 дан кам бўлмаган ёки шунга тенглаштирилган тил билимини баҳолаш бўйича бошқа халқаро сертификатларга эга ёшлар хужжат топширишлари мумкин.
Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракатлари билан ёшларнинг халқаро даражада олий таълим олишлари учун тўлов-контракт пули миқдори АҚШдаги каби 27 минг АҚШ доллари эмас, балки мамлакатимиздаги халқаро ОТМлар магистрлик даражаси учун тўланаётган қийматга яқин бўлиши мўлжалланган.
ЎзДЖТУда Вебстер университети магистратурасида америкалик мутахассислар билан бир қаторда махсус танловдан ўтган маҳаллий ўқитувчилар ҳам дарс беришади.
Таъкидланишича, ушбу магистратура дипломи билан битирувчилар нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё олий таълим муассасаларида дарс бериш имкониятига эга бўладилар.
Вебстер университетининг ЎзДЖТУдаги магистратурасига қабул жорий йилнинг август ойидан бошланади ва бунинг учун бакалавр даражасига эга битирувчилар қуйидаги хужжатларни топширишлари лозим: бакалаврлик дипломи, диплом иловасининг нотариал тасдиқланган таржимаси, IELTS – 6 дан кам бўлмаган ёки шунга тенглаштирилган тил билимини баҳолаш бўйича бошқа халқаро сертификат ва CV. Танлов АҚШнинг Вебстер университетида ўқишга талабгорларнинг хужжатлари асосида амалга оширилади.