Маданият

Баҳорда қандай оёқ кийимлар урфга кирди?

Мутахассислар 2015-йил баҳорида жуда кенг турдаги оёқ кийимлар урфга кирганини таъкидламоқда. Хўш, қиш бўйи киявериб, безор бўлган этикларимизни илиқ ҳавода қандай поябзалларга алмаштирамиз?

Янги мавсумда қулайлик биринчи ўринга чиқди — кўпчилик мода танқидчилари энг долзарб поябзаллар қаторига кроссовка ва слипон (ипсиз кеда)ни киритди. Ўтган йили базавий ранглар урфда бўлган бўлса, бу баҳорда ноодатий ранг-барангликларни, ялтироқ тангачалар билан безатилган слипондан тортиб, осмон манзараси тасвирланган кроссовкагача бўлган турфа поябзалларни кийиш мумкин.

1

Агар сиз спорт услубидаги оёқ кийимлар мухлиси бўлмасангиз, “жиддийроқ” кўринишга эга бўлган, бироқ қулайликда қолишмайдиган вариантларни кўришингиз мумкин. Булар авваламбор, лофер, брог ва эркаклар услубидаги бошқа поябзаллардир. Бунда ҳам уларнинг қизиқарли рангларда бўлишига эътибор беринг.

2

Шунингдек, ўз ҳаётини пошнасиз тасаввур эта олмайдиганлар ҳам 2015-йил баҳорида қуруқ қолмайди. Дизайнерлар баҳорнинг ёмғирли кунларида кийиш учун замш ботилён, илиқроқ ҳаво учун эса уч қисми очиқ ипли ботилёнларни тайёрлади. Бунда афзаллик совуқ кўк, грейпфрут ранги, шароб ранги, оч сариқ ва “металлик” рангига берилди.

3

Азиз аёллар, бу баҳорда кийиш учун Сиз қандай оёқ кийими танладингиз?