Оила

Беш Юз Доллар Алами

- Ойи, ёнаяпти тез келинг.

Қизчамнинг овозидан шошилиб ошхонага кирсам ёғим ёнаяпти унинг алангаси тепага қараб кўтарилаяптики, дадасини чақирмасам ўзим ўчиролмайман. Ёнғин дадаси югуринг, нариги хонада телевизор кўраётган эрим ошхонага кириб келганида эса “Шкафни тепаси…, шкафнинг тепасидаги нарсаларни туширинг”, деб бақирдим. Мени ошхонанинг ёнишидан ҳам кўра, у йердаги пулларнинг ёниши кўпроқ хавотирга соларди.

Ахир қайерга қўйишни ўйлай ўйлай кечагина шу йерни бехавотир деб шу йерга пул қўйсаму бугун айнан шу жой ёнсая. Шунақаям ноҳақлик бўладими. Алам ичида оловга сув сепаяпман, эрим эса газ тепасига ўрнатилган ошхона жавонидан нарсаларни олиб йерга улоқтираётганда эса жавонга қўйилган газета тахлами ичидан нақд беш юз доллар пастга тушиб кетди. Ундан кўра ёниб кетгани яхшиди шу пулни. Эримнинг кўзлари ола кула бўлиб кетди.

- Бу пуллар кимники, деди ҳайрат билан. - Мменики, йўғе, сизники, дедим каловланиб. - Қанақасига меники ахир мен ошхонага пул қўймасдимку. - Менга берган пулларингиздан тежаб йиғиб йиғиб шу жойга қўйгандимда. ..

Бошимга кирган оғриқ мана бир ой ўтдики, ҳамон қўйиб юбормайди. Ахир пул аччиғи бўладию осонгина яхши бўларканми одам.

Кўп аёллар озми кўпми эридан пул яширади. Бу аёлларга теккан касал. Ҳали ундан тежайди, ҳали бундан тежайди ишқилиб амаллаб жамғаради. Майлида эски икки юз сўмлик бўладими, беш юз сўмлиг-у, тангалар бўладими, у бу жамғармасини кўз қорачиғидек асрайди. Бу аёлнинг оиласи учун жонкуярлиги дейиш мумкин. Мен ҳам ҳар куни бирор минг сўм иқтисод қилмасам тинч ухлолмайман. Бозорчилар билан арзимаган кўкат учун ҳам савдолашсам савдолалашманки эримнинг бирор сўми ортиқча ишлатилмаслиги учун фидо бўламан. Мана шундай фидойилик қила-қила нақд беш юз доллар жамғаргандим. Бу пулни шунча бўлгунича менинг қилмаган ҳийлам қолмайди. Ҳали иккита боламни битта тиззамга ўтказиб автобусдаги чиптачига бир киши учун пул узатаман, ҳали тушлик пулимни тежаб иккита буришган перашка йейман. Рўзғорга арзонроқ нарса харид қиламан деб бозорни уч марта айланиб чиқаман. Ишқилиб тежасам бўлгани. Ҳатто уй тўловларига келганда ҳам назоратчи хато ҳисобламадими деб уч тўрт мартадан қайта-қайта ҳисоблайвераман.

Энди шунча йиққан пулим бир сонияда индамасдан эримнинг чўнтагига ўтиб кетсая. Ундан кўра ўзимга энг яхши кийим кечак олмайманми, дугоналарим юр деганида ресторанга бориб ўзимни меҳмон қилмайманми? Эссизгиная, минг сўмлаб йиққан пулим бир кунда менга вафо қилмай осонгина эримники бўлди қолди. Энг ёмони энди эрим ҳар куни берган пулини тийин тийинигача текширади. Нимани неча пулга олдинг, неча пул ўзингга ўмариб қолдинг? Яна қайси жавонда неча долларинг бор? Дугонажонлар яхшиси пул беркитманг ёки эҳтиёт бўлмасангиз у яна ўзининг ҳақиқий эгасига қайтиб кетаркан.