“Помада” нашри аёлларга бир ҳафта ичида ташқи қиёфани бироз бўлса-да, яхшилаш йўлларини тушунтириб берди.
Кўпроқ ҳаракатланиш
Мукаммал қоматга эга бўлиш мунтазам равишда тиришқоқлик билан тер тўкишни талаб қилади. Аммо бир ҳафта ичида ҳам қоматни тартибга солиш мумкин. Бунинг учун ҳар кунни бадантарбия билан бошланг ва кун давомида ҳам фаол бўлинг: кўпроқ пиёда юринг, лифтдан ҳам воз кечинг.
Тоза ҳавода сайр қилиш
Яхши кўриниш ва юз терисини тиниқлаштириш учун тоза ҳавода сайр қилиш керак. Уйқу олдидан ярим соат кўчада юриб, кислородга тўйининг, хонани ҳам шамоллатинг, ҳавони намлантиринг. Бунинг учун каравот яқинига илиқ сув солинган идишни қўйиб, сўнг уйқуга кетинг.
Кўп сув ичиш
Етарлича миқдорда сув ичиш сизни майда ажинлардан халос қилади, терини текислайди ва умумий аҳволингизни яхшилайди. Кунига 7—8 стакан сув организмлардан токсинларни чиқаради ва ҳужайралар озиқланишини яхшилайди.
Тери пўстини арчиш
Бир ҳафта ичида тери пўстини арчиш бўйича бир нечта процедураларни амалга оширишингиз керак, улар терини янгилайди, унинг рангини ва озиқ моддалар билан тўйинишини яхшилайди. Яхшиси юмшоқ скраб сотиб олинг ва ундан кунора фойдаланинг.
Ниқоб суриш
Бир ҳафта давомида камида уч марта: чуқур тозаловчи, намлантирувчи ва озиқлантирувчи ниқобларни суришингиз керак. Тозаловчи сифатида қора ёки оқ гил (глина)дан фойдаланиш мумкин. Намлантирувчи ниқобни бодринг эти, алоэ шарбати ва бошқа ҳар қандай мевалардан тайёрлаш мумкин. Озиқлантирувчи ниқоб сифатида эса қаймоқ, қатиқ ёки табиий мойлар (шафтоли, бодом ёки ўрик мойи)ни қўллаш мумкин.
Косметик муз билан массаж қилиш
Тонгни косметик муз билан массаж қилишдан бошланг, бундай музни ўзингиз осонлик билан тайёрлашингиз мумкин. Бунинг учун турли ўт дамламалари, табиий шарбатларни муздонга солиб, музлатгичда қолдириш кифоя. Бундай массаж терига мусаффолик бахш этади, уйқу асоратларини қувади ва юздаги тешикчаларни кичрайтиради.
Сочларни парваришлаш
Сочга бир неча марта ниқоб суриб, бош терисини массаж қилиш орқали, сочларни “ҳаётга қайтариш” мумкин. Тухум оқи, чакамуғ мойи (репейное масло) ва асал қўшиб, ниқоб тайёрланг ва уни сочга суринг. Ҳар куни кечқурун эса массажли тароқ билан таранг. Ушбу процедурани бир неча марта такрорласангиз, натижаси билинади.