Оила

БИР ҚУТИ СУТ ЁХУД ОНАМНИ ҚАЧОН ТУШУНДИМ

Ахлат ташлагани чиққандим йерда бир қути болалар сутини кўриб қолдим. Балки яроқлилик муддати ўтиб кетгандир деб ўйладиму, беихтиёр уни қўлимга олиб ишлаб чиқарилган санасига кўз ташладим. Унинг ростдан ҳам яроқлилик муддати ўтган экан. Ана шу қути эски хотираларни хаёлимда гавдалантириб юборди. Ўшанда болам олти ойликкина, бахтга қарши кўкрак сутим бўлмаганлиги сабабли фақат сунъий озуқа билан унинг қорнини тўйдирардим. Сунъий озуқанинг бир қутисининг ўзи фалон пул, бола катталашгани сари унинг бир донаси икки кунга ҳам йетмай қолади. Ўрта ҳисобда бир қути болалар озуқасининг нархи икки килограмм гўштнинг нархига тўғри келади. Ёш оиламиз, фақат ойликка кун кўрамиз. Алоҳида яшаганимиз учун ҳамма харажатлар ўзимизнинг бўйнимизда. Рўзғор учун харажат қиларканмиз, энг биринчи бола учун озуқа олардик. Маош олинган куни бир нечта қути озуқа оларканмиз, ўзимизнинг йеб ичишимизга арзимаган пул қоларди. Чақалоқ йелим идишдаги сутни баъзида охиригача ичмаса уни қайта берсам ичи бузилиб қолмасин деб қолганини тўкиб юборардим. Бир куни қарасам боланинг озуқаси қутида яна икки марталик қолибди холос. Ахир яна битта бўлиши керак деб жавонни неча марта ахтардим йўқ. Мен бор деб ўйлаганим бўш идиш экан. Ўша вақтдан бундан ортиқ бахтсизлик бўлиши мумкин эмасди. Ўзимни қўлга ололмай карахт бўлиб қолдим. Дарров хўжайинимга қўнғироқ қилдим. Ишхонада қарз сўрамаган одамим қолмади. Бир иложини қил. -Нима иложини қиламан, бола ҳали овқат йемаса, кечқурун сут деб йиғласа нима бераман, бола оч қоладику. Онасанку, бирор иложини топ. Боласи оч қолаётган онанинг аҳволини тасаввур қилиш қийин эмас. Айниқса, бола чақалоқ, ҳали гапга тушунмайдиган гўдак бўлса. Онамникигача уч бекат йўл бор. Онамдан оламан. Уйга болани кўтарганча яёв йетиб келдим. Уйга келиб сўрасам онам йўқ эканлар. Ўша дамда бир қути сути учун бор нарсамни беришга тайёр эдим. Дадамга айтишга уяламан, у кишидан тортиндим. Лекин энди на уйга кета оламан ва на бу йерда қоламан. Орадан икки соатлар ўтди чамаси онам келавермадилар. Шу вақт ичида қош қорайиб кеч бўлгани сари мени ваҳима босаверади. Кечқурун боламнинг овқати қолмаса нима қиламан, у йиғласа нима бераман, гўдак болам оч қоладику. Айни саволлар миямни пармалагандек ўйиб ташлади. Яна ярим соат кутдим. Ойимдан дарак бўлавермади. Индамай бекатга чиқдим. Ўша пайтдаги ҳолатимни эсласам ҳануз ғамгин кайфият бутун аъзои баданимни қамраб олади..Энди нима бўлади, боламга овқатини тополмадим, энди нима бераман? Бирор нарсамни сотай десам аллақачон онам берган тилла буюмларни сотиб болалар озуқаси олишга ишлатиб юборганман. Мен душманга таслим бўлиб дор остига кетаётган аҳволда эдим. Ё раб йиғлолмасдим ҳам. Ахир йиғлаш учун ҳам ёрилиш керак. Мен кимгаям ёрилардим. Дунёдан бехебар болам эса қиқир қиқир куларкан, мен унга қараб туриб баттар хўрлигим келарди. Бўлди ширин чой бераман, бошқалар ҳам шунақа қиладику, эртага топилар деб ўзимни алдарканман машинадан тушаётган онамни кўрдим. Ойи, бормисиз, қайерларда юрибсиз уларни қучганча қаттиқ йиғлаб юбордим. Болам, тинчликми нима бўлди? Ойим қўрқиб кетди. Болам, болага бир қути сут керак- мен ёш болалардек йиғлардим зеро ўша дамда менга бутун дунёдаги жамики бойликлардан ҳам кўра бир қути сут қимматли эди. Ҳа, қизим қўрқитиб юбордингку, ма манови пулни ол- ойим икки қути сутга йетари пул бераркан, қўғирчоғини топиб олган қизалоқдек бахтиёр эдим. Ойим билан апил тапил хайрлашиб уйга учиб йетиб келдим, ахир энди менинг гўдагимни овқати бор. Менга бошқа нарса керак эмас. Ана ўша куни мен биринчи марта она бўлиш ўз жонингни минг бўлакка бўлиш эканлигини тушуниб йетгандим. Зуҳра РЎЗИеВА