Бола тарбияси билан шуғулланиш мақсадида таътилга чиққан аёллар учун охирги йирик маблағ бу бола таътили учун тўланган маблағ бўлиб, ундан кейин фақат маълум ёшгача бола пулини олиб туриш мумкин. Шунинг учун аёллар ўз имкониятларини ишга солиб, молиявий фойда келтириши мумкин бўлган фаолият турини топиши айни муддаодир.
Бундай фаолият даромаддан ташқари маънавий жиҳатдан ҳам фойда келтиради. Боланинг дунёга келиши билан аёллар ўзининг оналик вазифалари билан машғул бўлиб қолади. Бола парвариши ва уй юмушларидан ортмайдиган аёл гўё ўз қобиғига ўралиб қолгандек бўлади.
Қуйида ёш оналар учун бола таътили давомида қўшимча даромад қилиш имкониятини берувчи бир нечта фаолият турлари келтирилган:
- Чет тилларни яхши билган тақдирда репетиторлик хизматини кўрсатиш мумкин.
Бу талаб жуда катта бўлган хизмат кўрсатиш тури ҳисобланади. Албатта бу фаолият тури билан шуғулланиш учун машғулотлар вақтида болага қараб тура оладиган кишининг ёрдамидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
- Чет тилларни яхши билиш уйда таржимонлик фаолияти билан шуғулланиш имкониятини беради.
Бу яхшигина ҳақ тўланадиган фаолият турига талабалар билан бирга бошқа турли касб эгалари: нотариуслар, публицистлар ҳам мурожаат қилиши мумкин.
- Қўл меҳнати ҳам яхши даромад манбаига айланиши мумкин.
Кўпинча ёш оналар туғуруқ олдидан тўқишни ўрганади ёки ўз тажрибаларини янада оширади. Шапка ва шарфлар, пайпоқлар, агар маҳоратингиз юқори бўлса янада каттароқ буюмларни тўқиш хизматини таклиф этишингиз мумкин. Тўқилган кийимларни дўкондан осонгина харид қилиш мумкин бўлса-да, муаллифлик буюмларининг доим қадри баланд бўлади.
- Тикувчилик кўникмаларини мукаммаллаштириб, ушбу йўналишдаги хизматларни таклиф қилиш мумкин.
Бу йўналишни оддий нарсалардан бошлаш мумкин. Масалан, болалар тагликлари ёки каравотлар учун жилд кабилар.
- Копирайтерлик кўникмалари турли интернет ресурслари учун мақолалар тайёрлаш имконини беради. Асосийси мавзу муаллиф учун қизиқарли бўлиши керак.
- Баъзи компаниялар уйда телефон операторлигини бажара олувчи ходимни қидиради. Фирибгарларга дуч келиб қолмаслик учун машҳур компанияларга мурожаат қилган маъқул.
- Тилни мукаммал билиш бирор нашр ёки интернет сайти учун муҳаррирлик қилишга имкон беради.
- Бисер тўқиш, оригами ёки юмшоқ ўйинчоқлар яратиш каби машғулотлар эса таътил давридаги фаолият туридан кичикроқ шахсий бизнесга ҳам айланиши мумкин.
- Агар аввалги ишнинг талабларига мос келса, касбий вазифаларни уйда бажариш ҳам мумкин.
Бу таътил давомида ўз малакангизни йўқотмаслик ва аввалгидек ойлик олиб туриш имкониятини беради. Бироқ бунга барча иш берувчилар ҳам кўнавермайди. Бу сизнинг раҳбарият учун қанчалик қадрли ходим эканлигингиз ва албатта фаолият турига боғлиқ.
- Веб-дизайнерлик кўникмалари билан эса сайтларнинг макети, реклама модули ёки полиграфия маҳсулотлари учун ишланмаларни мустақил бажара олмайдиган мижозларни топиш мумкин.
Мақолани тайёрлашда "Parenting.ru" сайти маълумотларидан фойдаланилди.