Маданият

Борини оширамиз, йўғини яширамиз: юз пардозининг янги ҳийлалари

Ҳар бир юзнинг ўз таровати бор, аммо майда камчиликлардан ҳам ҳоли эмас. Бу камчиликларни эса пардоз қутисидаги оддий воситалардан фойдаланган ҳолда камчиликларни яшириш мумкин.

Яққол овал

Юз шаклини тўғри коррекция қилиш учун зарур воситалар: юз териси рангига айнан мос тонал креми, сал тўқроқ упа ва ялтироқ заррали упа.

Қандай суртилади? 1. Тонал кремни суртиб бўлгач, ёноқларни тортиб туриб, пайдо бўлган чуқурчага тўқроқ упани суртинг.

2. Бурун, пешана ва кўз атрофи (ёноқларнинг устидаги чегара)ни ажратиб кўрсатиш учун заррали упа билан яхшилаб бўянг.

Кўзларни «катталаштирамиз»

Кўзларингиз қанча шаҳло бўлса, юзингиз ҳам шунчалик гўзал кўринади. Аммо табиат сизга кичикроқ кўз ҳадя этган бўлса, ўкинманг. Кўзларни катталаштириб кўрсатиш учун юқори киприкларга қуюққина қилиб туш суртинг. Тушни асло пастки киприкларга суртманг, йўқса, у кўзни чегаралаб қўяди. Бундан ташқари, кичикроқ чўткача билан киприкларга озроқ упа, устидан тушь суртсангиз, киприкларингиз янада қуюқлашади. Умуман, кўзни катталаштириб кўрсатиш учун юқори киприкларни узайтириш, қайириш яхши самара беради.

Бурун: кенгини «торайтириш», узунини «қисқартириш»

Бурундан эътиборни чалғитиш учун ё лаб, ё кўз, ёхуд ҳар иккаласига диққатни кучайтириш керак. Кенг бурун қаншарига оч тонал кремини (упадан очроқ бўлсин) узунасига суртинг.

Бурун жуда узун бўлса, уни визуал калталатиш ниҳоятда осон. Бунинг учун бурунни бироз «кенгайтириш» керак. Қандай қилиб дейсизми? Унга юз терисидан очроқ рангдаги тонал креми суртинг. Озгина тўқроқ тонал кремини эса бурун учининг тагига суртинг, учига шафтолиранг ёки пуштироқ румяна суртинг.

Тиниқлаштирамиз!

Кўз салқиганда пайдо бўладиган қора айланалар, ҳуснбузар ва бошқа камчиликларни консилер (ниқобловчи корректор) ёрдамида бартараф этиш мумкин.

Зарур воситалар: яшил, бинафша ва қаймоқранг консилерлар.

Қандай суртилади? 1. Юздаги қизилликни (ҳуснбузар, томир тўрлари) яшил корректор билан тўғрилаш мумкин.

2. Кўз остидаги қора айланаларни бинафшаранг консилер билан билинмайдиган қилиш мумкин.

3. Қаймоқранг корректор эса кўз остидаги кўкариш ва пигментация (доғлар)ни яширади. Консилерларни камчилик бўлган жойнинг айнан ўзига суртиш керак, йўқса, натижа билинмайди.

Ёноқларни «юқорилаштирамиз»

Баланд ёноқлар инсонга зодагонлик ва айри назокат бағишлайди. Юз жуда нозик ва латофатли кўринади.

Зарур воситалар: уваланган буғдойранг упа, хайлайтер (юзга ёруғлик берадиган косметик восита) ва мос пушти-қизил ёғупа (румяна).

Қандай суртилади? 1. Оғиздан қулоққача бўлган чизиқ йўналишида ёноқ остидаги чуқурчага суртинг. Чизиқни шундай бўяш керакки, у яққол чизиқ эмас, балки соядек билинмасин.

2. Табассум қилинг ва юзда пайдо бўлган «олмача»нинг пастига хайлайтер суртинг.

3. Охирида «олмача»га горизонтал чизиқда румяна суртилади.

Лаб каттароқ кўриниши учун…

Айрим аёлларнинг лаблари ниҳоятда ингичка бўлса, уларни катта ва жозибадор қилиш мушкул эмас.

Қандай суртилади? Лаб бўёғи ёки «блеск» суртишдан аввал лабларни юмшоқ тиш чўткача билан енгил уқаланг. Натижада лаб бироз катталашгандек кўринади. Агар ушбу уқалашни асал билан амалга оширсангиз, лаб қуриши ва шилинишидан ҳам халос бўласиз.

Декоратив косметикадан эса қаймоқранг қаламча керак бўлади. У билан лабнинг табиий контуридан сал юқорироқдан чизиб, очроқ лаб бўёғи суртинг.

Мабодо ёрқин тусдаги лаб бўёғидан фойдалансангиз, контурни рангсиз ёки лаб бўёғи рангидагисини ишлатинг. Контур чизиб бўлгач, лабнинг ўрта қисмига бўёқ, устидан рангсиз блеск суртинг. Лабларингиз анча катта кўринади.

Қошларингиз идеал даражада бўлиши учун...

Қош шаклини қалам билан чизиб олиб, устига тень суртсангиз, қошга ҳажм беради. Қалам рангини сочингизга қараб танланг: агар сочингиз қора тусда бўлса, қаламнинг бироз очроғини танланг. Сочингиз малларанг бўлса, аксинча, қошларингизни тўқроқ қалам билан бўяйсиз.

Қандай суртилади? 1. Қош кўзнинг ташқи чегарасидан калта бўлмаслиги керак. Қош учи кўз чегарасидан бироз узунроқ бўлиши лозим.

2. Қошга қалам тортаётганда пастдан тепага томон майда штрихлар билан майда туклар чизгандек ҳаракат қилинг. Тенни ҳам худди шу усулда чизинг.

3. Қошингизни энди теришни режалаштираётган бўлсангиз, ёдда тутинг: энг яхши шакл, бу — қошингизнинг табиий шакли. Қошнинг тепасидаги тукларни камроқ теринг, йўқса, юзингиз йиғлоқи тус олиши мумкин.

Қайси ранглар ҳаммага бирдек ярашади?

Шафтолиранг ёғупа

Бу рангдаги румянани қанча кўп суртманг, табиийликни сақлаб қоласиз. Малларанг сочли аёллар уни юзнинг «олмача»сига, қора сочли қизлар ёноқ суяклари туртиб чиққан қисмига чакка томон йўналтииб суртганлари маъқул.

Кўк қалам

Кўз ичига кўк қалам чуқур қилиб суртилса, нигоҳ ёрқин ва жозибали бўлади. Унинг совуқ тони кўз оқини очартириб, қизарган қисмларни билинтирмайди. Қаламни киприк контури бўйича чизиб бўянг.

Бинафшаранг тенлар

Бу тенлар қора кўзларга чуқурлик бағишлаб, янада ёрқинроқ кўринишини таъминлайди. Айниқса, тунги бинафшаранг smoky eyes пардози ниҳоятда ажойиб саналади: қора рангли тен билан пардоз қилингандан кўра бундай образда қатъийлик, драматиклик акс этади.

«Чой атиргули» рангли лаб бўёғи

Бу лаб бўёғи нейтрал пардозда ҳам, тунги пардозларга ҳам мос тушади. Худди шу рангдаги блескдан фойдаланилганида, лаб шаклини катталаштиради.

Маълумот учун: крем-пудра тонини танлай олмаётган бўлсангиз, юзингиз рангидан очроғини олаверинг. Тўқроқ ранг ёшингизга ёш қўшиб кўрсатади!

Катта натижа берувчи кичик қоидалар

  • Иложи борича пардозни кун ёруғида суртинг. Акс ҳолда кўчага чиққанингизда танланган ранглар сиз истагандек чиқмаганини кўриб, ҳайрон бўлишингиз мумкин.
  • Нафақат ёруғлик манбаси, балки сиз бўянаётган хона ранглари ҳам пардозга таъсир қилиши мумкин. Ўз-ўзингизга косметолог бўладиган хона деворининг ранги очиқроқ (яхшиси оқ) бўлиши керак.
  • Ҳамма ҳам бўянаётганда тонал кремдан аввал пардоз асосидан фойдаланавермайди. Аммо бир нарса ҳамиша ёдингизда бўлсин: кундузги намлантирувчи крем сингиб бўлгачгина тонал креми суртиш мумкин.
  • Спонж (упа суртувчи восита) тонал креми суртишда жуда қўл келади. Яхшиси, оз-оздан юз қисмларига тонал крем суртиб чиқиб, спонж билан «едиринг». Кремнинг бўйинга ва сочга ўтган чизиқлари ажралиб қолмаслигига эътиборли бўлинг.

Маълумот учун: иягингиз кенг бўлса, унга асосий кремга нисбатан бир тон тўқроқ тонал креми суртинг. Шу билан муаммо ҳал бўлади. Фақат тўғри ранг танланмаса, ияк янаям кенг ва кўзга яққол ташланадиган бўлиб қолиши мумкинлигини унутманг.

Манба: Darakchi.uz