Чойнинг фойдасига ҳеч ким шубҳа билдирмайди: бу иссиқ ичимликни минг йиллар давомида истеъмол қилиб келаётган осиёликлар хато қилмайди.
Чой ажойиб тарзда чанқоқни босади ва тетиклаштиради, холестерин миқдорини пасайтиради ва юрак-томир тизими ишини яхшилайди, қаришни секинлаштиради ва ҳатто ақллироқ ҳам қилади.
Лекин олимлар бу ичимликнинг фойдали хусусиятлари билан бирга зарарли томонлари ҳам борлигини аниқлади.
-
Иссиқ чой қон кетишини келтириб чиқариши мумкин
Британиялик отоларинголог ва пластик жарроҳ Генри Шарпнинг фикрича, куйдирадиган даражада қайноқ чой ичиш одати бурун-халқум томирларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Пиёладан чиқаётган буғ уларни кенгайтиради ва кўпинча бурундан қон кетишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, иссиқ чой қизилўнгач саратонининг ривожланиш хавфини ошириши мумкинлиги ҳақида тахминлар мавжуд.
Бу ичимлик учун энг мувофиқ бўлган ҳарорат 50–60 °С ҳисобланади.
-
Ҳаддан ташқари аччиқ чой тишлар ва суякларга зарар етказади
Йиллар давомида ҳаддан ташқари аччиқ чой ичиш натижасида тишлар зарарланиши ва суяклар мўрт бўлиб қолиши мумкин. Бу – скелет флюорозининг белгилари ҳисобланади. Бу касаллик суякларда фторнинг йиғилиб қолиши оқибатида пайдо бўлади. Аччиқ чой орқали ҳам организмга фтор моддаси келиб тушади.
Парҳезшунослар бир кунда 4—5 пиёладан кўп бўлмаган миқдорда чой ичишни тавсия қилади.
-
Чойни овқатдан кейин истеъмол қилиш темир етишмаслигига олиб келиши мумкин
2011 йилда Калифорния университетида ўтказилган тадқиқотлар чой темир моддасининг организмга овқат билан бирга келиб тушишига ва сингишига тўсқинлик қилишини исботлади.
Шунинг учун шифокорлар бу ичимликни нонушта, тушлик ёки кечки овқат маҳали эмас, балки овқатланишдан ҳеч бўлмаса 20 дақиқадан кейин ичишни маслаҳат беради.
-
Чой уйқусизликни келтириб чиқаради
Бунга чой таркибидаги кофеин ва хушбўй моддалар сабабчидир. Кечқурун чойнинг тетиклаштирувчи хусусияти уйқунгизни қочириши мумкин. Агар кечқурун чой ичишни хоҳласангиз, яхшиси ўсимликлардан қилинган дамламалардан ичганингиз маъқул.
Манба: Daryo.uz