Биласизми?

Давлат тест маркази абитуриентлар учун муҳим янгиликни эълон қилди

Абитуриентлар учун Давлат тест маркази томонидан муҳим қулайликлар яратилди. Бу ҳақда ДТМ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом» асосида киритилган ўзгаришларни ҳисобга олиб, 2018 йил май ойидан бошлаб Репетицион тест материаллари янги шаклда чоп этилади. Янги шаклга мувофиқ саволлар китобида ҳар бир фандан 30 тадан савол ва жавоблар варақасида саволлар рақамларига мос рақамдаги доирачалар бўлади.

Бу билан абитуриентлар 1-15 август кунлари тест синовларида ишлатиладиган саволлар китоби ва жавоблар варақасининг янги шакли билан танишиш, улар билан ишлаш кўникмасини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўладилар.

Шунингдек, май ойидан бошлаб янги тузилган саволлардан намуналар берилиб, жорий йилда тест синовларида ишлатиладиган саволлардан намуналар чоп этиб борилади. Намунавий саволлар фанлар кесимида эълон қилинади. Улар билан Давлат тест марказининг «Ахборотнома» илмий-услубий журнали махсус сонларида танишиш мумкин. Ҳозир журналнинг бир нечта махсус сонларини нашрга тайёрлаш ишлари якунланмоқда. Журналларни Давлат тест маркази ва унинг вилоятлардаги бўлинмаларидан олиш мумкин.