“Lady.mail.ru” дунё тақдирини қўлларида тутган баъзи нуфузли сиёсатчи аёлларнинг ҳаёт тарзи ҳақида ҳикоя қилди.
Тереза Мэй
59 ёш, Бирлашган Қироллик бош вазири
Инглиз хоним банкер Филип Мэйга турмушга чиққан — улар Оксфордда ўқиб юрган вақтидаёқ танишган. Эр-хотин Соннинг шаҳарчасида кичик уйи бор. Улар Альп тоғларига пиёда чиқишни ёқтиради, дўстлар даврасида ҳақиқий овқат шинавандаси (гурман) сифатида машҳур. Тереза тан олишича, унинг турмушига қачонлардир соя солган ягона нарса — бу фарзанд кўриш имкониятининг йўқлиги.
“Биз фарзандли бўла олмаймиз. Биз буни қабул қилдик ва йўлимизда давом этяпмиз. Умид қиламанки, ҳеч ким буни менинг камчилигим деб ҳисобламайди. Мен бошқа одамларни тушуниб, уларга ҳамдардлик қила оламан”, — дейди Тереза Мэй.
Мэй ёрқин либосларга ва леопард нақшли пойабзалларга ўч. “Одам ҳам ақлли, ҳам кийимга ўч бўлиши мумкин”, — деб ҳисоблайди у.
Ангела Меркель
61 ёш, Германия канцлери
Меркель икки марта турмуш қурган, биринчи турмушини у хато деб ҳисобласа, иккинчисида, аксинча, бахтиёр. Ангеланинг турмуш ўртоғи, Иоахим Зауэр ошкоралик ва ҳашаматни ёқтирмайди: айтишларича, у хусусий самолётларда учмайди, балки арзон авиалинияларни афзал кўради. Бироқ у Меркелнинг жони-дили бўлган опера ёки пиёда саёҳатларда хотинига доимо ҳамроҳлик қилади.
Меркелнинг фарзандлари йўқ, лекин у фақат ишга кўмилиб қолмайди: Германия канцлери, масалан, боғ ишлари билан машғул бўлишни, футбол кўришни ва таом тайёрлашни хуш кўради.
Ангеланинг кийиниш услуби эса ўзига хос: у доимо бир хил бичимдаги, аммо турли ранглардаги пиджакларни кияди.
Шайх Хасина Вазед
68 ёш, Бангладеш бош вазири
Тақдири жуда оғир бўлган бу аёлни европалик сиёсатчи хонимлар билан бир қаторга қўйиб бўлмайди — аҳолисининг катта қисми мусулмон бўлган ушбу мамлакатда аёл кишига муваффақиятли карьера қуриш доим ҳам насиб этавермайди. Аммо кучли, иродали, довюрак Шайх Хасина, ундан ташқари ҳар кимнинг иродасини синдириши мумкин бўлган қўрқинчли воқеаларни бошидан кечирган: қариндош ва ака-укаларининг ўлдириб кетилиши, она ватанидаги давлат тўнтаришлари, қувғин, терактлар, суиқасдлар… Шундай бўлса-да, у ҳеч қачон ўзига ва халқига бўлган ишончни йўқотмади.
“Тарихда сенинг шахсий муваффақиятларинг эмас, кўп сонли одамларга таъсир қилган ишларинг қолади. Шахсий ишлар учун менда деярли вақт йўқ”, — дейди Шайх Хасина.
Шайх 40 йилдан ортиқ бирга яшаган турмуш ўртоғи, ядро физикаси олими 2009-йилда вафот этди. Аммо Хасина ёлғиз эмас: бош вазирнинг бўш вақти бўлди дегунча, у ўзининг етти набирасини кўргани боради. Бундан ташқари, у бадминтон ўйнашни ёқтиради, аммо бунга вақти ҳам қолмаса керак, ахир мамлакатга хизмат қилиши керак.