ЎзАда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Миржалол Жўраевнинг мақоласи эълон қилинди.
Унда ёзилишича, Президентимизнинг жорий йил 4 апрелдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилди. Жойлардаги онкология диспансерлари, жумладан, Самарқанддаги муассаса ҳам ушбу марказ филиалига айлантирилди. Тиббиёт маркази ва унинг филиаллари энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланмоқда. Қўшимча штатлар ажратилди ҳамда шифокор мутахассислар жаҳоннинг етакчи тиббиёт марказларида малака ошириши ва тажриба алмашиши йўлга қўйилмоқда.
Президент ташаббуси билан нафақат пойтахт, балки вилоятларда ҳам аҳолига юқори сифатли, замон талабларига тўла жавоб берадиган тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида юртимиздаги ихтисослашган тиббиёт марказлари етук мутахассислари вилоятлардаги муассасаларга раҳбар этиб тайинланди.
"Ана шундай юксак ишонч туфайли қарийб бир ойдан буён Самарқандда фаолият кўрсатмоқдаман. Шу пайтгача Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи сифатида ишлаганимда Самарқанддаги диспансер ҳақида айрим маълумотларга эга эдим. Бугун ушбу муассасада иш бошлаб, беморлар ва уларнинг яқинлари билан суҳбатлашиб, бевосита аҳоли билан учрашиб шунга амин бўлдимки, малакали тиббий хизматни биринчи навбатда қуйи тизимда ташкил этишимиз зарур экан.
Шу боис, аввало, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларидаги онкологлар фаолиятини ўрганиб, бу вазифада айнан мутахассислар иш олиб бориши чораларини кўряпмиз. Хусусан, 6 нафар мутахассислиги бўлмаган шифокор ўрнига онколог тайинланди. Соҳа бўйича кадр етишмайдиган ҳудудларга вилоятдан ёш шифокорларни юборяпмиз. Чунки, аввало туман ва шаҳарларда аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб бормас, онкологик касалликларни эрта аниқлаш чорасини кўрмас эканмиз, хасталик кучайган пайтда ҳар қандай замонавий тиббиёт маркази ҳам даволаши қийин кечади.
Бундан ташқари, филиал мутахассисларидан иборат гуруҳлар тузиб, ҳар ҳафта шанба куни туманларда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, профилактик суҳбатлар олиб бориш тизими йўлга қўйилди.
Фаолиятимнинг дастлабки кунлариданоқ ходимларнинг ҳар бири билан суҳбатлашиб, уларнинг билими, мақсад ва ўйлари билан қизиқдим. Зарур тавсиялар бердим, фикр алмашдик. Жумладан, 30 дан ортиқ ёш мутахассис ўз фаолиятини илмий изланишлар билан бирга олиб боришга аҳд қилди. Улар учун шифохонада тил ўрганиш курслари ташкил этдик. Уч нафар ёш ходим эса аспирантурада ўқишни давом эттирадиган бўлди. Шу пайтгача аспирантлар Тошкентга ёки хорижга бориб ўқиган бўлса, энди шифохонамизнинг ўзида ишдан ажралмаган ҳолда илмий изланиш олиб боради. Албатта, бу жараёнда пойтахтда ёки хорижда малака ошириб келишига ҳам имконият яратиб берамиз.
Ҳиндистон, Россия, Жанубий Корея каби қатор тиббиёти ривожланган давлатлар билан тузилган келишувларга мувофиқ, ҳар йили 15-20 нафар ёш мутахассис ушбу давлатлардаги клиникаларда малака ошириб, замонавий асбоб-ускуналарни бошқаришни ўрганиб келади. Шунингдек, хорижий клиникаларнинг малакали мутахассисларини Самарқандга таклиф этиб, ёш шифокорлар учун маҳорат дарслари ташкил этамиз.
Филиалда фаолият бошлаганимдан буён ўтган қисқа вақт ичида шу пайтгача пойтахтда ёки хорижда амалга оширилган 8 мураккаб жарроҳлик амалиётини ёш мутахассислар билан бирга филиалнинг ўзида бажардик. Бу амалиётларнинг барчаси муваффақиятли ўтди. Энди ҳар қандай мураккаб жарроҳлик ишларини филиалда бажарамиз. Зарур бўлса, пойтахтдан ёки хориждан шифокор жалб этамиз.
Шифохонамизда онкологик касалликларни жарроҳлик, кимётерапия ва нур терапияси асосида даволашнинг замонавий тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, касалликларни эндоскопик ва радиотерапевтик даволаш бўйича энг замонавий ускуналар келтирамиз. Бу эса қизилўнгач, меъда, йўғон ичак ва қовуқ саратони, айниқса, аёлларда кўп учрайдиган сут бези, бачадон бўйни ҳамда ошқозон саратони хасталикларини самарали даволаш имкониятини оширади.
Тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланиш жараёнлари халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолига юқори сифатли, замонавий тиббий хизмат кўрсатишга қаратилган экан, ушбу мақсадга эришиш йўлида билим ва имкониятимизни сафарбар этиш биз шифокорларнинг инсоний бурчимиздир", - дейди мақола муаллифи.