Биласизми?

Фарғонада 195 та «Аёллар маслаҳатхонаси» ташкил этилди

Фарғона вилоятида 19 та марказий, 26 та шаҳар оилавий поликлиника ҳамда 88 та қишлоқ оилавий поликлиника, 62 та қишлоқ врачлик пунктида «Аёллар маслаҳатхонаси» ташкил этилди, деб ёзмоқда ЎзА.

— Маслаҳат марказларида эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, оила қуришни режалаштириш, туғуруқлар ўртасидаги даврни узайтириш юзасидан тиббий ва ижтимоий-психологик нуқтайи назардан илмий асосланган маслаҳатлар берилмоқда, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров. — Вилоятда ташкил этилган 195 та «Аёллар маслаҳатхонаси»да 951 мингга яқин хотин-қизларнинг 149 минг нафардан зиёди, жумладан, 23 мингдан ортиқ ўсмир қизлар қабул қилиниб, уларга маслаҳатлар берилди.

Айни кунларда «Аёллар маслаҳатхонаси» зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Яқин кунларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида тун-у кун фаолият кўрсатувчи тезкор алоқа тармоғи ишга туширилади.