Биласизми?

Газ печи панжарасини тозалаймиз

Ҳар бир уй бекасининг саришталиги, биринчи ўринда, ошxонасига қараб баҳоланади. Ва у ердаги жиҳозларнинг тозалиги ҳам уй бекасининг озодалигидан дарак беради. Шундай жиҳозлардан бири газ печи устидаги панжарани ювиш сирлари билан бўлишдик.

1. Қанчалик тез тозалаш ишларини тугатгингиз келса ҳам, вақтни аяманг. Бунинг учун аввал панжарани газ печидан ажратиб олинг. Газ печи патнисига сув қуйиб, печ ичига қўйинг, сўнг устига панжарани жойлаштиринг-да, газни 15 дақиқага ёқиб, бошқа ишларингизни қилаверинг. Кучли буғланиш натижасида қотиб қолган ёғ қолдиқлари эриб тушади.

2. Агар ҳовлида яшасангиз, халқона услубни қўллаб кўринг. Олов ёқиб, устига панжарани қўйинг-да, ёғлари оқиб тушиб, тоза бўлаётганини томоша қилинг.

3. Шунингдек, панжарага таркибида кислота бўлган исталган воситани суртиб, 12 соатга ивитиб қўйиш ҳам самарали тозалаш усулидир.

4. Ёки қўлларингизга резина қўлқопларни кийинг-да, ишга киришинг, сим сочиқ ёки метал губка ёрдамида қум билан панжарани ишқаланг.

5. 2-3 соатда ишингиз осонгина битиши учун сиркали сувга панжарани ивитиб қўйинг, сўнг тоза сув билан ювиб ташланг.

6. Ишингизни янада осонлаштириш учун эса ҳар доим кечқуринги идиш-товоқлар ювиб бўлгач, уни ювиб, артиб, қуритиб қўйинг. Яна бир нарсани унутманг, панжара устига тўкилган сут ёки бошқа суюқликларни дарров артиб олинг. Бу сизнинг бир неча дақиқангизнигина олади холос, аммо кейинчалик юзага келадиган муаммодан қутуласиз.

Манба: «Sug'diyona» газетаси