Ошхона

Ҳақиқий стейк тайёрлаш сирлари

Ширали ва хушбўй стейкни ким ҳам рад этарди? Афсуски кўпинча ҳақиқий стейкни фақат махсус муассасаларда татиб кўриш мумкин. Бироқ бу мазали таомни уйда ҳам тайёрлаш мумкин. Қуйида «Мачете» деб номланувчи стейкни уй шароитида тайёрлаш рецептини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Бизга 500 грамм гўшт бўлаги ва това керак бўлади. Гўштни ўртасидан кесиб, туз сепамиз.

Товани оловга қўямиз. У етарлича қизигандан сўнг стейкни ҳар иккала томонида карамель қобиқ ҳосил бўлгунга қадар қовуриб оламиз. Това ва газ плитаси ҳаммада турлича бўлганлиги учун уни тайёрлаш вақти бир дақиқадан тўрт дақиқагачадир.

Шундан сўнг оловни пастлатиб, стейкни биз истаган кўринишга (устки қисми қарсилдоқ, ичи қизил) келгунга қадар қовурамиз. Бунинг учун ҳар 15 сонияда уни бошқа томонига ағдариб туриш керак бўлади. Бу усул қарсилдоқ қобиқ ҳосил бўлиши ва гўшт ширасининг бир хилда тақсимланишига ёрдам беради.

Гўштни плитадан олиб духовкада бироз иситилган тарелка ёки ёғоч тахтага жойлаймиз. Устидан майда тўғралган петрушкани лимон шарбати ва саримсоқ билан бирга қўшамиз. Тажриба қилиб кўришдан қўрқманг!

Бундай стейкка зираворлар билан қовурилган гуруч ёки тоблаб пиширилган сабзавотлар гарнир сифатида тортилиши мумкин.

Ёқимли иштаҳа!

Манба: Daryo.uz