Оила

Иккинчи Турмушнинг мушти

Биринчи бахтим ой бахтим

Аёлимни севиб уйлангандим. Доим кулиб турадиган, ҳар қандай вазиятда ҳам менинг кўнглимни кўтаришга уринадиган рафиқам билан муносабатларимиз ҳавас қилгулик даражада эди. Учта фарзанд кўрдик. Ота онамдан алоҳида чиқдик. Икки хонали уй ёнига янги уй қурдираётган кунларимиз. Мен ишда эдим. Бир куни уйга келсам онам ва аёлим жанжаллашишяпти. Ҳайрон бўлдим. Ойим ўғлим мени десанг хотининг билан ажрашасан, мен уйингга келсам унинг хонасидан уста йигитлардан бири чиқиб келаётган экан деди.Бу гапдан кейин бошимга қаттиқ оғриқ кирди.Қўлларим ғазабдан титрай бошлади.

Аёлим (ҳадик аралаш): - Ойи, у уйига кетмоқчи экан шунга пулимни берсанглар кетаман, деди. Мен хўжайин келсинлар, ўзлари билан гаплашинг дегандим сиз бутунлай нотўғри тушундингиз, деди.

Мен уста бола билан алоҳида гаплашдим. У хотиним айтган гапларни такрорлади. Онам эса йўқ, бу ерда бир гап бор деб туриб олди. Мен хотинимга ишонардим. Лекин онамнинг гаплари мени шубҳага солди. Ахир ўртада шайтон бор. Энг ёмони бу муаммога аниқлик киритгунимча ойим бу гапларни қариндош уруғга ҳам тарқатиб юборибдилар. Энди аёлим билан яшашнинг иложи йўқ эди. У ўзини оқламади, жанжал ҳам қилмади, шунчаки менга ишонмайсизми деб сўради холос. Мен эса елка қисдим. У ҳамма нима дейиши менга аҳамиятсиз, лекин мен ўзимга ишонмайдиган одам билан яшолмайман деди-ю кетди.

Мен эса аросатда қолдим. Ойим орадан ярим йил ўтар ўтмас бир ойгина турмуш қурган аёлга мени уйлантириб қўйдилар. Инсоф билан айтганда ўша аёлда бир оилани бахтли қилиш учун етарли ҳамма сифатлар бор эди. Чаққон, пазанда, муомалали. Лекин минг қилса ҳам уни биринчи аёлимга ўхшатолмадим. Ҳар бир ҳаракати менинг жаҳлимни чиқарарди.У менга ёқишга урингани сари мен асабийлашардим.Онам менга уям бировнинг боласи яхши гапир деб қайта-қайта тайинласаларда менинг муомалам кундан кун совуқлашиб бораверди.

Уйга келгим келмас, ундан биринчи хотинимга ўхшаш белгиларни тополмай сиқилиб кетаверардим.Орадан бир йил ўтди. Охири ўзим унга жавобини бердим.Балки бошқа одам билан бахтли бўларсан, мендан рози бўл деб хайрлашдим.

Ойим яна мени уйлантириш тараддудига тушдилар. Ҳар куни ҳар хил қиз ҳақида гапирадилар. Бошқа уйланиб униям бахтсиз қилсамчи деб ойимга рад жавобини беравердим. Барибир ойим айтганларидан қолмадилар.

Энди турмушга чиқмаган қизга уйландим. Ёш, кўркамгина қиз. Бироқ барибир бу ҳам менинг кўнглимга сира ўтирмади. Қандайдир камгапмией, хаёлпарастмией. Ўзимнинг Лобарим менинг кўнглимдагини дарров сезарди. Унинг кулгусини ҳам жаҳлини ҳам бирам соғинардимки асти қўяверасиз.

Вақти соати билан ўтиб кетади, бунисига ўрганиб қоласан ойим мени юпатганлари билан ўзларини ҳам мени ҳам алдаганликларини сезардилар.

Бу турмушим ҳам ўхшамади.Ҳеч нима менда бу аёлга нисбатан илиқ туйғулар уйғота олмади. Балки ўзим ҳаммадан Лобарни излаганим учун шундай бўлгандир. Орадан бир ярим йил ўтиб бу аёл билан ҳам ажрашдим. Шу ўртада битта фарзандли бўлганим қолди. Яқинларим бунча иродасизсан, шунчалик ҳам бўласанми ҳамма хотин ҳам шунақа бўладида яшайвермайсанми деб мени койишгани койишган. Мен эса иккинчи турмуш кўрпанинг ямоғи деган гап мағзини тушуниб етдим.

Ҳатто сиз энг ёмон деган биринчи жуфтингиз ҳам ишонинг кейинги ўнтасидан яхшироқ бўларкан. Балки биринчи турмушда туйғулар ҳам ҳаяжону камчиликлар ҳам илк марта бўлгани учун ёдимизда абадий қолар. Яна ким билади дейсиз?

Ажрашгач қадримга етди

Эндигина ўттиз бешга кирган Равшаннинг ҳикояси мени ўйлантириб қўйди. Наҳотки биринчи турмуш шунчалик қадрли бўлса, ахир икки марта рўзғор қилганлар ҳам бинойидек яшашяптику деб ўйладим. Кейинги суҳбатдошим Санобарнинг ҳикояси эса айни мавзуни давом эттирди.

Умр йўлдошим билан совчилар орқали танишиб турмуш қургандик. Оиламиз ҳамма қатори, бинойидек умр кечирардик. Лекин бора бора турмуш қийинчиликлари, оилавий муаммоларимиз кўпайгани сари бир биримизни тушунолмай қолдик. Кунда кунора жанжал, арзимаган нарсага ҳам бир биримиз билан урушиб қолаверардик. Мен ота уйимга бориб у ерда уч тўрт кун тургач яна уйга қайтардим. Ҳар сафар турмуш ўртоғим мени ўзлари бориб олиб келардилар. Ўртада битта боламиз бор.

Лекин охирги жанжалимиздан кейин хўжайиним нимагадир келмадилар. Ўзим борай десам ойим кўнмадилар.Орадан ярим йил ўтиб эримнинг қайта уйлантиришмоқчи деган гап эшитдим.

Мен кеч қолгандим. Суд орқали ажрашдик. Эрим уйланди. Мен эса ўзимни бепарво кўрсатсамда, одамлардан, таниш билишларимдан доим эрим ҳақидаги гапларни эшитиб турардим. Ўзимча эрим барибир мени унутолмаса керак деб ўйлардим.Лекин ғишт қолипдан кўчганди.

Йўқ, у уйланганига бир йил тўлар тўлмас хотинини қўйиб юборибди. Энди эрим менга ярашишни таклиф қилди.Биз ярашдик. Ҳеч қачон биринчисидан айирмасин экан деган эрим билан энди аҳилмиз. Назаримда энди у менинг қадримга етган. АЖРИМДАН КЕЙИН

Албатта иккинчи рўзғорида ҳам бахтли яшаётганлар йўқ эмас. Аслида, ҳеч ким ажрашаман деб оила қурмайди. Ҳамма оила тимсолида бахти камолини орзу қилади. Лекин тақдир тақозоси билан турмуш ўртоғи вафот этган ёки ажрашишга мажбур бўлганлар иккинчи турмушда бахтли бўлишлари учун нималарга эътибор беришлари лозим?

Ажрашган одамга у эркакми, аёлми жамият аъзолари бирдек яхши муносабатда бўлмайдилар.Сиз ҳам айнан ажрашганингиз учун муҳокама мавзусига айланасиз. Баъзан кимдир айнан шу бахтсизлигингиз ҳақида гапириб сизнинг ярангизни янгилайди. Шусиз ҳам ўзини тушкун, ҳеч кимга кераксиздек сезаётган инсон бундай суҳбатлардан сўнг ўзининг бахтсизлигига чиндан ҳам ишониб қолади.

Ажрим баъзан қалбда бўшлиқ пайдо қилади.Ўзини ёлғиз ҳис қилади, айбдорлик ҳисси бироз қийнайди.Сиз ўзингизни ташлаб кетилган, ёмон ёки бирор ишни уддалай олмайдиган деб ҳисобламанг.Ҳаётингиз ва олдинги оилангиз ҳақида кимгадир ҳисобот беришга мажбур эмассиз.Ажрашишингиз сабабларини ҳам айтиб ўтиришингиз шарт эмас.

Олдинги турмуш ўртоғингизга жаҳл қилиб, ўзингизни кўрсатиб қўйиш мақсадида шошилиб иккинчи турмуш қурманг. Ахир оила қуришдаги биринчи шошилишдан сиз етарли сабоқ олдингиз.Ҳар бир нарсадан ўрганиш мумкин. Сизда энди яхшими ёмонми оилавий ҳаёт ҳақида тажриба бор. Сиз энди нима қилиш керагу, нима қилиш керакмаслигини ажрата оласиз.

Ўзингизни қўлга олинг. Севган ишингиз билан шуғулланинг, ўзингизга бўлган ишончни ўстиринг, менинг бошқалардан нимамдир кам деб ўйламанг.Ажрим балки сиз учун йўқотиш эмас балки янги имконият эшикларини очар.

Ахир бахтли бўлишга ҳаммамиз ҳам ҳақлимиз.