Фарзандларимиз биздан-да ақлли, фаросатли, ҳаётда қоқилмайдиган, омадли бўлишини истаймиз. Бу орзулар амалга ошсин десак, уйдаги муҳитни ижобий томонга ўзгартиришимиз зарур. Болаларни руҳий тушкунлик, ишончсизлик ҳиссидан қўришнинг бир чораси ҳаётнинг ҳар бир дақиқасидан қувонишга, бўлиб ўтган ҳар бир воқеага ижобий фикр билдиришга ўргатишдир. Ота-онанинг ўзига, ҳаётга ишончи, албатта фарзандларида ҳам акс этади.
Кичкинтойингизни эрталаб чиққан қуёшдан, ойиси пиширган кулчадан, олган “беш” баҳосидан чин дилдан хурсанд бўлишга ўргатинг. Боланинг ҳаётдан завқ оладиган хушчақчақ инсон ёки одамови бўлиб улғайиши айнан ота-онанинг дунёқарашига боғлиқлигини унутмайлик.
* * *
Киши умидсизликка берилса, қаттиқ сиқилса, қондаги адреналин ва кортизол миқдори кескин ошади. Адреналин қон босимини кўтаради, қоннинг тез қуюлишига ҳам шу “жиззаки” гормон сабабчи. Кортизол эса танада ёғ қатламини ҳосил қилишда қатнашади. Бу хавфли жуфтлик юрак хасталикларининг ривожланишига қулай замин яратади.
* * *
Вақтингизни беҳуда сиқилишлар ва алдамчи хаёллар эгаллаб олишига йўл қўйманг. Бунинг фойдаси йўқ. Ҳадеб ўтган воқеаларни, омадсизликларни эсламанг!
* * *
Эртанги муаммолардан хавотирга тушмаслик учун бугундан ҳаракат қилинг. Яъни, бугун режалаштирган ҳар бир ишнинг уддасидан чиқинг. Шундагина руҳий зўриқишлардан сақланиб, келажакдаги режаларга ишонч билан қарай оласиз.
Шукрулло ЖАЛИЛОВ,
тиббиёт фанлари номзоди
Манба: Darakchi.uz