Биласизми?

Иштаҳани қитиқловчи, озишга ҳалақит берувчи 10 маҳсулот

Шундай маҳсулотлар борки, уларни қанчалик кўп истеъмол қилманг, егингиз келаверади. Иштаҳанинг жиловини бўш қўйиш эса озишингизга халақит қилиб, қўшимча вазнга йўл очиши мумкин. Биласиз-а буни? Хў-ў-ўш, чиройли қад-қоматга эга бўлиш учун таомноманадан қайси маҳсулотларни олиб ташлаш керак? Қуйида ана шу ҳақда маълумот берамиз.

Оқ нон

Дўконларда сотилаётган оқ нон таркибида Менделеев даврий жадвалида кўрсатилган унсурларнинг барчаси мавжуд. Ноннинг узоқ вақт сақланиши, таъми бузилмаслиги учун унга турли қўшимчалар қўшилади. Ун тайёрлашда буғдойнинг энг фойдали қисми ҳисобланган пўстлоғининг тозаланишини бир эслаб кўринг. Бириктирувчи тўқималарнинг йўқлиги сабабли, у тезда ҳазм бўлади ва бироздан кейин яна оч қоласиз.

Янги сиқилган шарбат

Бундан бир неча йиллар илгари турли мевалардан сиқиб олинган шарбатларни истеъмол қилиш урфга кирганди. Аммо диетологлар шарбат таркибида қанд миқдорининг кўплиги, мева этида бириктирувчи тўқималарнинг йўқлиги уни хавфли маҳсулотга айлантириб қўйишидан ташвишга тушдилар. Кўп миқдорда шарбат истеъмол қилиш инсулиннинг кескин ошиб кетишига, очлик ҳиссининг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Агар жудаям шарбат ичгингиз келса, яхшиси унга қайнатилган сув аралаштириб ичинг. Шунда таъсир кучини қирқишга эришасиз.

Глутамат натрий

Бу модда асосан фаст-фуд ва хитой таомлари, ярим тайёр маҳсулотларга аямасдан қўшилади (агар маҳсулот ўрами устида Е621 деган ёзувга кўзингиз тушса, уни сотиб олманг). Мазкур маҳсулотларни истеъмол қилгач иштаҳангиз очилиб, янада кўпроқ овқатланишга мойиллик пайдо бўлади. Бундан ташқари глутамат натрий таъсирида лептин моддасининг ишлаб чиқиши қийинлашади.

Сояли соуслар

Соя изофлавон гармонига бой. Бу гормонлар организмга эстроген каби таъсир кўрсатади. Эстрогенлар ёғ ажралишини кучайтиради. Фабрикаларда ишлаб чиқариладиган соя соуси таркибида эса глутамат натрий моддаси мавжуд.

Ширинлик ўрнига нима?

Фруктоза, сахароза, қандсиз жемлар – туридан қатъий назар инсон соғлиғи учун зарарлидир. Уларни истеъмол қилганингизда миянгизга «ҳозир ҳазм қиламан, керакли калория ва моддаларни оламан», деган сигнал келади, аммо бу нарса амалга ошмайди-да. Охир-оқибат организмингиз сиздан бундай ҳолат учун бадал сўрайди. Ўтказилган тадқиқотлар натижасида ширинлик ўрнини босувчи маҳсулотлар диабет касаллигига чалиниш эҳтимолини ошириши аниқланган. Озиш учун газли ширин ичимликлар, шарбатлар эмас, балки ҳеч нима қўшилмаган оддий сув қулайдир.

Маккажўхори бодроғи

Эрталабдан жуда кўп миқдорда ширинлик истеъмол қилиш кун бўйи иштаҳанинг йўқолишига олиб келади. Бодроқхўр хонимлар, коса тагидаги ним косани уқдингиз-а? Қисқа муддатда инсулиннинг ошиб кетиши натижасида тушликда меъёридан ортиқ даражада овқат истеъмол қилишингиз шундан.

 

Тузланган ва маринадланган егуликлар

Глутомат натрий каби туз ва сирка ҳам иштаҳанинг карнай бўлишига сабаб бўлади. Агар эътибор берган бўлсангиз, бир дона маринадланган бодринг ёки помидорни егандан кейин ўзингизни тўхтата олмай, банкада қолганини ҳам иштаҳа билан ейишга тушасиз. Янги узилган бодринг ва помидор бу даражада иштаҳа очмайди.

Зираворлар

Таомга кўп миқдорда зиравор қўшиш меъёридан ортиқ даражада овқат ейишингизга олиб келади. Овқатнинг ҳақиқий мазасини ҳис қилмаган таъм билиш рецептори мияга қорин тўйганлиги ҳақидаги сигнални еткизиб бермайди, оқибатда тўйганингизни билмай, яна таомланасиз.

Майонез

Салатларга, турли таомларга ишлатиладиган севимли майонезимиз ҳам хавфли маҳсулотлардан бири ҳисобланади. Таркибида кўп миқдорда ёғ ва қўшимчалар озиш истагида бўлганларнинг энг хавфли душманидир. Кетчуп, хантал соуслари қаторида майонез ҳам мияни алдаб, кўпроқ овқат истеъмол қилишга мажбур қилади.

Қад-қоматингиз гўзал бўлишини истасангиз, асосий қоидани унутманг! Таомни табиий маҳсулотлардан тайёрланг. Зиравор ва қўшимчаларни иложи борича камроқ ишлатинг. Қани, шунда ҳам озмай кўринг-чи.

Манба: Darakchi.uz