Иссиқ об-ҳаво барча ёшдаги инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, юрак-қон томир тизимида сурункали касалликлари мавжуд инсонлар, қариялар ва болалар азият чекадилар.
Ёзнинг иссиқ кунларида шифокорга мурожаат этиш ҳолатлари ортади. Ушбу кунларда артериал қон босимининг кўтарилиши, қон айланиш тизимида ўзгаришлар, инфаркт миокардлар кўпаяди. Жазирама иссиқ инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши аниқ.
ЎЗИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ЧОРАЛАРИ
Кун давомида 5 маротаба овқатланиб, имкон даражасида яшил ва оқ рангга эга барча ҳўл меваларни ҳамда ёғсиз таомларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Сувни овқат еб бўлгач, 30 дақиқа ўтгандан сўнг кам-кам миқдорда ичиш тавсия этилади. Иссиқ таомлардан кўра совуқ таомларни (окрошка, сабзавотли шўрваларни) ейиш керак.
Иссиқ кунда чўмилиш ҳавзаларида жуда совуқ сувга шўнғиб чўмилиш тавсия этилмайди. Негаки, совуқ сув томирлар торайишини келтириб чиқаради. Сувга шўнғишдан олдин бироз сояда туриш, танани совутиш керак. Бу кунларда совуқ душда чўмилиш ҳам тавсия этилмайди, негаки, сувда томирлар тораяди, кейин эса кескин кенгаяди. Яхшиси, иссиқ кунда илиқ душ қабул қилиш керак. Меъёридан зиёд жазирама, бу даврда қуёшнинг фаоллиги ошгани билан янада хавфли. Шу сабабли офтобда тобланишда барча эҳтиёт чораларини кўриш керак. Бу муолажани соат 12 дан 16 гача қилмаган маъқул. Офтобда тобланиш пайтида бошга албатта бош кийим кийиш лозим. Энг яхшиси соябон остида, кучли иссиқда эса хўлланган рўмолча билан бошни ўраб ётган маъқул.
Жазирама кунлари ультрабинафша нурланишнинг даражаси ошганини ҳисобга олиб, кўзга ҳимоя кўзойнакни тақиш зарур. Ўзингиз билан газланмаган минерал сув олинг. Иссиқ кунларда яланг оёқ юриб туриш фойдадан ҳоли эмас, чунки товонларда ички аъзолар фаолиятига таъсир этувчи фаол нуқталар мавжуд.
Жазирама кунларда спорт ва жисмоний машқлар билан кучли шуғулланиш мумкин эмас, чунки машқлар пайтида иссиқ алмашинуви 5 мартагача ошади, шу сабабли организмда сувсизлик келиб чиқиши мумкин. Югуриш ёки тренажёрда шуғуллангандан кўра иссиқ пайтда пляжда, сояда дам олган фойдали. Иссиқ кунларда синтетик ва танага ёпишиб турувчи кийим кийиш мумкин эмас. Пахта ва бўз матодан тикилган кийим-кечак, терини нафас олиши ва тер чиқариши учун енгил ва қулай. Сунъий, синтетик матолар терининг нафас олиш жараёнини қийинлаштиради. Шунингдек, жазирама иссиқда юз терисига крем ва упа ишлатишни чегаралаган маъқул, улар теридаги майда тешикларни беркитиб, тери нафас олишини қийинлаштиради. Ёзнинг жазирама иссиқ кунлари чекиш ва спиртли ичимликлардан воз кечиш учун энг қулай пайт ҳисобланади. Негаки, иссиқ кунларда алкоголли ичимликларни ичиш қатъий маън этилади, тамаки чекишнинг зарари эса чекувчи учун ҳам, атрофдагилар учун ҳам бир неча марта ошади.
Узоқ вақт айниқса, бош кийимсиз қуёш нурлари остида бўлиш тавсия қилинмайди. Мунтазам турли суюқликлар: сув, яхшиси газсиз минералли сув, кўк чой ва шарбатлар истеъмол этиш тавсия этилади. Улар совутилган (лекин жуда совуқ ёки музлатилган эмас!) ҳолда ичилса чанқоқни яхши босади. Чойни иссиқ ҳолда ичиш мумкин. Алкогол, пиво, кофе чанқоқ босиш учун ярамайди.
Бино ёки хонадаги ҳароратни назорат этиб турган вентилятор ёки кондиционерларнинг бевосита остида бўлиш нохуш оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эсдан чиқармаслик керак.
Юрак-қон томир тизимида касалликлари бор беморлар шифокор тавсия этган дориларни ўз вақтида қабул қилиб юришлари лозим. Қон босими бор инсонлар доимо қон босимини назорат қилиб туришлари керак. Ҳамда қандли диабет билан оғриган беморлар ҳам ўз соғлиқларига бефарқ бўлмасликлари керак.
Ушбу оддий профилактик тадбирларни қўллаб,об-ҳавонинг энг жазирама кунларида ўзини яхши сезиб, ҳамда саломатлик ҳолатини ёмонлашишини олдини олиш мумкин.
ПРОФИЛАКТИКАСИ
Исиб кетиш ва сувсизланишни олдини олиш учун қўйидаги профилактика ишларини амалга ошириш керак:
Танага тўғри қуёш нурлари тушишини олдини олиш учун хоналарни соя қилиш, биноларга кондиционер ўрнатиш, стол усти, пол ва деворларга вентиляторлар ўрнатиш, танани совутиш учун душлардан фойдаланиш ва ҳоказо.
Иссиқлик уришининг олдини олишда организимнинг сувсизланишдан сақлаш керак, демак иссиқ шароитда зўриқтирувчи жисмоний ҳаракатдан қочиш, иложи борича кўпроқ суюқлик ичиш лозим. Бироқ бу суюқликлар алкоголли ичимликлар, аччиқ чой ва кофе бўлмаслиги керак. Сувни ҳам фақат ичмасдан, балки тананиям нам сочиқлар билан артиш лозим. Иссиқ кунда кўчага чиққанда енгил табиий очиқ рангли кийимларни кийиш, ҳамда бош кийимини унутмаслик керак.
Катта ёшдагилар ва болалар куннинг иссиқ вақтларида тоза ҳавода сайрдан воз кечганлари маъқул. Бундай пайтларда сув ҳавзаларида бўлиш умуман тавсия этилмайди. Қуёшли кунда очиқ жойда турган автомобилга ўтиришдан олдин ҳамма эшикларини очиб шамоллатиш керак. Иссиқ кунларда кўп суюқлик ичиш билан бирга иложи борича кўпроқ мева сабзавотлар ейиш мақсадга мувофиқдир.
Манба: Darakchi.uz