Аслида, камқонликнинг сабаблари кўп. Лекин сурункали қон йўқотишдан сўнг келиб чиқадиган камқонлик аёлларда кўп учрайди. Масалан, ҳомила тушганда, ҳайз кўриш чўзилиб кетса, туғруқда, бачадон ва тухумдон касалликлари туфайли қон кетиши, кўпинча, анемияга олиб келади. Шунингдек, туғруқлар оралиғидаги интервал яқинлиги, айниқса, ҳомиладорликда организмнинг темир моддасига тўйинмаслиги кабилар камқонликка олиб келади. Ушбу хасталикни парҳезшунос мутахассислар тавсия этган таомлар бартараф этиши мумкин. Бундай егуликларнинг айримлари ҳақида билиб олганингиз маъқул.
Товуқ гўшти ва сабзавотли салат
Қайнатиб пиширилган товуқ гўштининг юмшоқ терисиз жойлари олинади. Бодрингни сомонча шаклида, помидорни ҳалқа қилиб, ошкўкларни эса майда тўғралади. Тайёр маҳсулотлар яхшилаб аралаштирилгач, устидан бироз қаймоқ қуйилади. Бу салат оқсил, ёғ ва углеводларга бойлиги учун ҳам камқонликда шифодир.
Қайнатилган қовоқ
Тўқ сариқ рангли, таъми ширин қовоқ сувда қайнатилади. Пишгач, олиб совутиш, сўнг майда тўртбурчак қилиб тўғраш лозим. Устидан шакар сепиб, бироз қаймоқ қуйилади ва таомдан аввал истеъмол қилинади.
Сузмали салат
Тозалаб ювилган ошкўклар – шивит, кашнич, райҳон, редискани майда тўғранг, бодрингни парракланг. Масаллиқларнинг барини сузмага аралаштиринг. Устидан туз ва мурч сепиб, дастурхонга тортинг.
Лавлагили дармондори
Лавлагини сувда қайнатиб, юмшагач, пўстидан тозаланг. Тўртбурчак тўғранг-у, идишга солинг. Бир-икки ош қошиқ қаймоқ ёки шунча миқдорда ўсимлик ёғидан қўшиб, аралаштиринг. Бу хушхўр салат қонни кўпайтириш хусусиятига эга.
Наъматакли дамлама
Қуритилган наъматак меваларидан 1 ош қошиғини 1 стакан сувга солинг ва паст оловда ўн дақиқа қайнатинг. Ярим соатча дамлаб қўясиз. Сўнг овқатдан аввал ичиб туришингиз керак. Ушбу дамлама таркибида С витамини миқдори жуда кўп бўлиб, озиқ-овқатлардаги темирнинг организмда ўзлаштирилишига ёрдам беради.
Туршак ивитмаси
Ўрикнинг қуритилган (туршак)и камқонликни даволовчи бебаҳо озуқа саналади. Бир ҳовуч туршакни 1 литр қайноқ сувда ивитгач, сувини кун давомида ичиб юрсангиз, бардам ва тетик бўласиз.
Ва яна...
Сувда қайнатилган беҳини истеъмол қилиш, қирғичдан ўтказилган сабзи ва турп шарбатини оз-оздан ичиб туриш ҳам камқонликда даво бўлади. Шунингдек, олмада темир моддаси сероблиги боис уни ейиш ва шарбатидан ичиб туриш фойдалидир.
Манба: Darakchi.uz