Бошқаларнинг келини кетиб қолса, «тавбааа» дердингиз. Сиз билан бундай ҳодиса рўй бермайдигандек эди. Аммо мана ўша чақмоқ сизнинг бошингизда ҳам чақнади ва ўша ёмғир сизнинг хонадонингизга ҳам ёғди: келинингиз болаларини олиб онасиникига кетиб қолди? Қандай йўл тутиш керак? Дарров бориб иссиғида олиб келасизми ё «Кўчада қолган оёғим йўқ, ўзи кетди, ўзи келади» дейсизми? Бугун «Кетса кетар, онам дерман», деб турган ўғлингиз бир ҳафтада мунғайиб қолса ё ичишни бошласа, нима қиласиз? Ё бориб олиб келсангиз, келин бунинг ҳавосини олиб, оёғи чиқиб, ҳадеб онасиникига йўрғалайверса-чи? Наҳотки, ажрашиб кетишса? Хуллас, бу ёғи позициялар ўйини. Стратегия, тактика муҳим. Ҳамма ўзининг ҳудудини ҳимоя қила бошлаган ушбу шароитда ақл ва донолик билан иш тутмасангиз, бўлмайди.
Нега кетди?
Оилани ушлаб турадиган бир неча омиллар бор: муҳаббат, фарзандлар , ачиниш, кўникма. Аммо бизнинг ўзбек оилаларида булар қаторига ҚАЙНОНА номли яна бир муҳим омил қўшилади. Агар қайнона-келин яхши чиқишса, ҳатто, ўртада муҳаббат бўлмаса ҳам, эр-хотин яшаб кетган, чиқишмаса, улкан муҳаббат билан қурилган оилалар ҳам барбод бўлган ҳолларни кўп кўрганмиз. Демак, қайнона ўзбек оиласининг мустаҳкамлиги гаровидир. Шундай экан, аввало келин билан ўзингизнинг муносабатларингизни таҳлил қилишингиз керак. Қайнона-келин муносабатлари охири келиннинг кетиши билан тугайдиган ҳолатларнинг сабаблари талай. Қуйида уларнинг асосийларини санаб ўтамиз.
- Қаттиқ босим. Қайноналар илк кунлардан келинларни қаттиқ ушлаш, кейин вазиятга қараб аста-аста тизгинни бўшатиб бориш тактикасини қўллашади кўпинча. Бу ёмон тактика эмас, келин босқичма-босқич кичик-кичик эркинликларни қўлга киритиш учун оиласига ўзини бағишлайди, эвазига мукофот олади ва ҳаётидан қониқиб яшайверади. Тескариси қилинса, яъни аввал бўш қўйиб, кейин тизгин тортилса, ҳар ким ҳам қаттиқ қаршилик қилиши табиий, чунки эрк берилмайди, олинади. Фақат эркни чиндан ҳам вақти-вақти билан бериб бориш, яъни келинга босимни аста-аста сусайтириб, у тарбияланиб боргани сайин эркини ҳам ўзига қўйиб бериш керак. Мунтазам босим ҳаммани чарчатади, қилаётган ишлари кўринмаётгандек туюлган келин исён қилади – кетиб қолади.
- Эрнинг нобоплиги. Ўғлингиз ичадими, урадими, юрадими, масъулиятсизми? Агар шулардан бирортаси бўлса ҳам, сиз келинга кўпроқ ён беришингиз керак, яъни ўғлингизнинг қусурлари учун қайноналик имтиёзларингизни бадал қилиб тўлайсиз. Акс ҳолда, ҳам эри, ҳам қайнонаси томонидан сиқилган келинга жабр бўлади, яшамайман дейиши тайин.
- Оиладаги зўравонлик. Юқоридаги икки омил кўпинча ана шу учинчисига олиб келади. Ким келинига зўравонлик қилади: а) ўзига ишонмаган қайнона; б) ўзи кўп зулм кўрган аламзада қайнона; в) маърифатсиз, яъни ақл кўзи билан оқибатларни кўра билмайдиган жоҳил қайнона. Сиз ундайлардан эмасмисиз? Унда тилингизни тия оласиз, ўғлингизни ҳам.
У нимани исботламоқчи?
Кетиб қолса, муаммо катталашишини у ҳам билади. Аммо барибир кетади. Нега? Ўша дақиқаларда жаҳл ақлдан устун келган бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда жаҳлдан тушгач, иш ўнгланишига, оила яна тинч яшаб кетишига умид қилса бўлади. Лекин бу қарорни узоқ вақт миясида пишириб юрган, кўп марта кетмоқчи бўлган-у, шайтонга ҳай берган ва ниҳоят сабр косаси тўлган бўлса, иш мушкуллашади. Энди чиндан ҳам оилангизда, ўзингизда ниманидир ўзгартирасиз ё оила барбод бўлади.
Ҳар доим келинлар ҳақ бўлавермайди. Айрим ёшлар шучаки кетиш учун кетадилар. Бу билан ичларидаги аламларини, хафагарчиликларини, исёнларини билдириш баробарида «ультиматум қўйиш», «шантаж қилиш» мақсадини кўзлайдиганлари ҳам бор, ҳатто кўп. Бундай келинлар кўпинча тезда ўзларини кўрсатадилар: кўп марта кетадилар ва одатда ўзлари яна қайтиб келадилар. Илк марта кетганида сиз нима сабабдан кетганига эътибор беринг. Албатта, дарров ортидан югуриб бормайсиз. Лекин оиланинг арзимас инжиқликлар туфайли бузилиб кетишига ҳам йўл қўймайсиз. Ҳар ким иккинчи имкониятга ҳақли. Фақат олиб келаётганингизда ё ўзи қайтиб келганида бу ҳунари бошқа ўтмаслигини, кейинги сафар муаммосини ҳал қилиш учун бошқа конструктивроқ йўлни топиши кераклигини тушунтириб қўясиз. Тарбиялайсиз-да, хуллас.
Қайтариб олиб келиш керакми?
Бу ўзингизга берадиган илк ва муҳим саволингиз, шундай эмасми? Агар оилангизда меҳр-муҳаббат бўлса, бу шунчаки жаҳл устида қилинган иш эканини билсангиз, озгина кутинг. Бир-бирингиздан дам олинг. Балки қудаларингиз ақллилик қилишар, балки келиннинг ўзи жаҳлдан тушиб қайтар. Орадан бир неча кун ё бир ҳафта ўтгач, аста қўнғироқ қилиб қудалар билан гаплашиб кўриш, муаммо нимадалигини билиш мумкин. Кўпинча, жаҳл кетгач, иш осон кўчади. Албатта, ғурур кўндаланг туради, биринчи қадамни қўйсам, ноҳақлигимни бўйнимга олган бўламан, деган ўй ҳам бор. Лекин бу жуда калтабин одамнинг хаёллари. Зиддиятлар ҳар доим ақлли ва мулоҳазали одамлар туфайли бартараф этилган. Орангизда кимдир ақллилигини намоён қилиши керак бўлса, бу иш, аввало, сиздан бошланиши лозим. Ахир ўртада болалар бор, келин ёш, сиз эса каттасиз. Фақат буни усталик билан амалга ошириш, вазиятдан мағрур кўтарилган бош билан чиқиб кетиш мумкинлигини унутманг. Сиз ялиниш учун қўнғироқ қилмадингиз ё бормадингиз, муаммонинг тагига етиш, муҳокама қилиш ва такрорланмаслиги чораларини излаш учун биринчи қадам қўйдингиз. Сизнинг миссиянгиз тортишмачоқ ўйнаётган икки аёлникидан муҳимроқ, баландроқ, савоблироқ. Шу позициядан туриб фикрласангиз, ҳаммаси яхши бўлади.
Қандай ҳолатларда қайтариб олиб келмаслик керак:
- Келин жанжалкаш, уйингизда тинчлик қолмаган.
- Ҳадеб онасиникига кетиб қолаверади, бу биринчиси эмас.
- Ўғлингиз у билан яшашни истамайди, яъни эр-хотин ўртасида муаммо бор (буни улар ўзлари ҳал қилишлари, ўғлингиз кейинги қадамни қандай қўйишни ўйлаши керак. Албатта, маслаҳат беришингиз мумкин).
- Келин на эрига, на сизга эътибор, меҳр беради, сизларни фақат моддий муаммолрни ҳал қилиш воситаси сифатида кўради.
- Келин енгилтак, ҳатто, эрига хиёнат қилган.
- Энди бу уйда яшаса, ё ўғлингиз, ё сиз уни бир бало қилиб қўяр даражада нафрат кучли.
- Ётиғи билан қилинган насиҳатлар, тарбиялар кор қилмайди, келин доим ҳужумда, ён беришни билмайди ё истамайди.
Юқоридаги ҳолатларда келинни қайтариб олиб келиш бир ботқоққа қайта тушиш билан баробар. Энди сиз эмас, у оёғи остида ер дарз кетганини, барқарорлик йўқолганини, оиласи жар ёқасига келганини билиши ва хулоса чиқариши керак.
Суҳбат
Ҳар қандай муаммони муҳокама қилиб ечиш мумкин. Бунинг учун томонлар музокара дастурхони атрофига тўпланишлари, ҳар икки томон ҳам муаммони англаши, бартараф этишни хоҳлаши, бундан манфаатдор бўлиши керак. Агар бир-бирингиз билан дилдан гаплаша олсангиз, кўп нарса ўзгаради. Хўш, келин билан суҳбат жараёнида қайси саволларни кўндаланг қўйишингиз керак?
- Эрини яхши кўрадими? Оиласини сақлаб қолишни истайдими?
- Эри, болалари, қайнонаси ва оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан ўзини тўғри тутаяптими? Муомала, муносабатларда ғирромлик, риё, алдов йўқми? Самимийми ҳаммаси?
- Нега кетиб қолди? Нима уни хафа қилди?
- Доим кетишни истаганми, анчадан бери бу ҳаётдан тўйганми ё охирги пайтлар шундай бўлиб қолдими?
- Содир бўлган вазиятда айбини тан оладими?
- Бу вазият содир бўлмаслиги учун нималар қилди? Барча зарур чораларни кўрдими?
- Қайнонасидан (яъни сиздан) нималар кутган ва бундан кейин нималар кутади?
- Эридан-чи?
- Энди хатоларни такрорламай тинч-тотув яшаб кетишга тайёрми?
Ана шу саволларга жавоб излаш баробарида қайнона-келин бир-бирингизни яхшироқ англай, тушуна бошлайсиз. Биласизми, қайнона-келинликда нима муҳим? Бир-бирини ёқтириш, яхши кўриши дейсизми? Йўқ, бу эр-хотин ўртасида аҳамиятли ҳислар. Қайнона-келин бир-бирини тушуниши керак. Иккиси бир-бирининг ўрнига ўзини қўйиб кўра олса, ўзаро англаш, муроса одимини отишга тайёрлик бўлсагина, бу икки аёл бир том остида аҳил яшай олади. Шунинг учун нақадар қийин бўлмасин, бир-бирингизни тушунишга ҳаракат қилинг, аёллар. Эркаклар бизни тушунишмайди, лекин ўзимиз буни эплармиз?!
Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА