Ҳеч эътибор берганмисиз, нимага келинлар янгилигида яхши бўладилару, кейин ёмонга чиқадилар. Дастлаб пазандалигию чеварлиги, зийраклигию ширинсўз эканини мақтаб чарчамаган тиллар орадан кўп ўтмай унинг дангаса, беҳафсалалигини, кирни нотўғри ёйишидан уйқучилигигача шикоят қилади. Тавба, келинлар шунчалик тез ўзгарадиларми ёки уйдагилар ўзгаришадими? Гап шундаки, бизда қизларга ёшлигидан келинлик бедиллик эканлиги уқтирилади.
Деярли ҳар бир хонадонда “Эртага борган жойингда...” деб бошланувчи панд-насиҳат, ўгитлардан тарбия олган қиз келин бўлганида одобли, хушмуомала, чидамли бўлиши кераклигини ўйлайди, ёшлигиданоқ ўзини шунга тайёрлаб боради. Бироқ, ўргатиладиган ўгитлар ичида яна бири борки, кўпинча оналар мана шу нарсага кўп эътибор қаратишади. У ҳам бўлса, кўнгилга йўл топиш! Аввал кўнглига йўл топсанг, ҳаммаси яхши бўлади дейишади кўпни кўрган аёллар. Бу, бироз қўполроқ айтганда, борган жойингдаги одамларга ёқишинг ва иложи борича яхши таассурот қолдиришинг шарт деганидир. Бу йўлда янги келинларни рекорд ўрнатади десам муболаға бўлмас.
Ўз ота-онасига айтмаган илиқ сўзлар: “адажон”, “ойижон”, деб гирдикапалак бўлишу, хушомад қилишлар олдинига ҳаммага ёқади. Айтиб ўтиш керакки, бу ҳам бир санъат. Лекин оилада ва қўни қўшнилардан кўравериб, кўзи пишиб кетганлар учун қийин иш эмас. Балки, буни ўша уйга мослашиб кетиш учун бўлган ҳаракат деб тушуниш ҳам мумкиндир. Бироқ нега илтифоту такаллуфлар узоққа чўзилмайди.
Бу саволга келинлардан бири шундай жавоб берди: Эртадан кечгача уйдаман. Кечқурун ўз хонамга киргач шундай енгил тортаманки, хонамдан қайтиб чиққим келмайди. Уй юмушларидан чарчамайман. Фақат кун бўйи такрор-такрор айтишим керак бўлган гапларнинг ҳаммаси ҳам кўнгилдан чиқмаслиги, гоҳида ортиқча мулозаматлар тинкамни қуритади. Гоҳида қилаётган ҳатти-ҳаракатларим ўзимнинг ҳам ғашимни келтиради. Тоғри табиатан юмшоқ феълли қизлар йўқ эмас. Лекин, аксарият келин зоти борки ўзини боридан-да яхшироқ кўрсатиш учун ниқоб остида иш кўради. Аммо вақт ўтиб ниқобда юриш ўзининг ҳам жонига тегади ва асл қиёфаси кўринади. Табиийки, атрофдагиларга бу ёқмайди, шунда ўша келин ёмонга чиқади...
Келинчакнинг гапларида жон бор. Беш қўл баробар бўлмаганидек, ҳамма келин ҳам ниқобда юришни хоҳламайди. Аммо уни ўраб турган муҳит келинни ўзини табиий тутишига йўл қўймайди. Кимга қандай билмадиму, менингча сохталик, ясамалик келинларнинг ўзига ҳам ёқмайди.
Қаҳратон қиш кунларининг бирида яқин қариндошимизникига меҳмонга бордик. Улар дастурхон ёзиш баробарида келинларининг энди тиш олдириб келганини айтдилар. Кўз ўнгимга оғриқдан қийналаётган келинойи келди. Аммо айнан ўша келинойининг чой кўтариб келишидан оғзим очилиб қолди. Эҳтимол, бу шарқона андишадир. Бироқ, жони оғриб, кўзига ёш қуйилиб турсада, кулишга уринаётган келиннинг нигоҳлари мени хижолатга қўйди. Ясама мулозамат, ортиқча такаллуфлар фақатгина ҳаётимизни қийинлаштиради. Шундай эмасми?