Оила

Кичик бола билан сафарга нима олиб бориш керак?

Ёз кунлари кўп оилалар дам олиш учун бошқа шаҳар ёки мамалакатларга кетишни режалаштиради. Кичик боланинг саломатлигига ҳам ҳаво алмаштириш фойдали ҳисобланади. Дам олиш мароқли ўтиши учун баъзи сирларни билиш, сафарда кичик бола билан қийналмасликка ёрдам беради.

1. Бола одатда касал бўлганда ичиб юрадиган дори-воситаларини керакли миқдорда олиб кетиш керак;

2. Борилаётган жойдаги об-ҳаво ҳақида олдиндан билиб олиш (интернет, танишлар орқали) лозим;

3. Кутилаётган об-ҳавога мос кийим-кечак олиш муҳим;

4. Ҳар доим қўшимча равишда кутилаётган ҳаводан совуқроқ ҳаво учун қўшимча 2 сидра кийим олиш талаб этилади;

5. Оёқ кийим камида иккита бўлиши керак. Бири хўл бўлса, иккинчиси ас қотади;

6. Бола зерикмаслиги учун унга керакли ўйинчоқлардан 1-2 дона олиш кетиш фойдадан ҳоли бўлмайди(рангли қалам, пластилин, конструктор ва бошқалар);

7. Яраларни битиши учун ёрдам берувчи дезенфексияловчи восита керак бўлади;

8. Ҳар эҳтимолга қарши зонтик солиб қўйиш керак. Денгиз томонларда одатда бирданига ёмғир ёғиб кетиши мумкин;

9. Болага ички кийимни ортиги билан олиб кетиш керак;

10. Дам олиш жойи танланаётганда боланинг ёши ва қизиқишларига ҳам аҳмият бермоқ лозим. Фақат ота-онасига ёқадиган жойда бола зерикиб ота-онаси мароқли дам олишига тўсқинлик қилади. Фақат бола учун қизиқарли жойда ота-она тез зерикиб қолади. Шунинг учун оилавий дам олса бўладиган жойларни танлаш керак.

11. Бола махсус каша ёки смес еяётган бўлса, керакли миқдорда оиб кетиш ҳақида унутманг. Янги жойда болалар учун махсус егуликларни топиш қийинчилик туғдириши мумкин, ундан ташқари янги жойда бола ўрганган овқатини егани маъқул.

12. Боланинг тери нозик бўлса, ўзи фойдаланаётган гигиена воситаларини бирга олиб кетиш муҳим;

13. Болага ёқадиган ўзига мос сумка-рюкзак олиб берсангиз, ўз буюмларини ўзи олиб юришни афзал кўради;

14. Уйда аравадан фойдаланилмаётга бўлса ҳам, сафарга олиб кетган маъқул. Узоқ сафарларда куни билан айланиб юришда бола чарчаб қолади. Ундан ташқари кечки пайт  ота-она айланиб юрганда, бола мазза қилиб аравасида ухлай олади;

15. Боланинг бўйнига илиб қўядиган бейжик керак бўлади. У ерда ота-онанинг адреси ёки телефон рақамлари, тўхталган меҳмонхона ҳақида маълумот ёзилган бўлиши керак. Бола йўқолиб қолса, топилишида ёрдам беради. Бейжикни сафар мобайнида ечмаслик керак;

16. Боланинг бош ёки оёқ кийими кўзга ташланадиган рангда бўлса, кўпчилик орасида кўз олдингиздан йўқолиб қолмаслигига ёрдам эради. Кийимнинг ўрнига билагига рангли ёки жаранглайдиган билагузук тақиб қўйса ҳам бўлади.

Энг муҳими, дам олиш масканларида, бошқа мамлакатларда ота-онанинг болага бўлган эътибори 2 баробар кўпроқ бўлиши керак. Боланинг йўқолиб қолишига, шиккастланишига, бетоб бўлишига йўл қўймаслик учун, ниҳоятда эътиборли ва сабрли бўлинг, шунга ҳақиқатан мазза қилиб оилавий дам олиб келасиз!