– Шамолатдиммикан десам, қичишиш, оғриқ йўқ, аммо ташқарига чиқдим дегунча кўзларим ўз-ўзидан ёшланиб қолаверади. Фойдаланаётган косметика воситаларим аллергия бераётган бўлса керак деб, бир муддат тень ва туш ишлатмай қўйдим, аммо безовталик ўтиб кетмаяпти. Кўз ёшланишининг сабаби нима бўлиши мумкин?
Дилшода Жамилова, Тошкент вилояти
Саволга шифокор-окулист Нодира РАСУЛОВА жавоб беради:
– Мунтазам кўз ёшланиши кузатилганида кўк ёки қора чой дамламаси билан кўзни артиш ҳамишаҳам тўғри эмас. Негаки кўз ёшланиши фаоллашганда уни келтириб чиқараётган омил аниқланиши лозим. Бу ишда окулист шифокор кўриги асқотади. Кўз ёшланиши гиперсекретор ҳамда ретенцион кўринишларга ажратилади. Гиперсекретор жараён кўз ёш суюқлигининг меъёрдан ортиқ ишлаб чиқилиши бўлса, ретенцион тури кўз ёш йўллари ўтказувчанлигининг бузилиши билан изоҳланади. Гиперсекретор кўз ёш ажралишини келтириб чиқарувчи омиллар аллергия, коньюктивит, кўз мугуз пардасининг механик ёки кимёвий зарарланиши, инфекцион турдаги касалликлар асорати, кератит бўлиши мумкин. Муолажани бошлашдан аввал безовталикни келтириб чиқарган хасталик аниқланиб, даво чоралари биргаликда олиб борилса, кутилган натижага эришилади. Ретенцион кўриниши эса кўз ёш ажралишидаги айрим бузилишлар билан характерланади. Ушбу ҳолат кўз ёш қопчаси яллиғланиши, кўз ёш каналининг қуриб қолиши, бурун бўшлиғи касалликлари – гайморит, ринит, полиплар ва шиллиқ қават шишлари сабаб келиб чиқиши мумкин. Мазкур ҳолатда кўпинча жарроҳлик аралашуви талаб этилади. Агар сизни кўз ёшланиши безовта қилаётган бўлса, албатта шифокор кўригидан ўтинг. Тиббий таҳлиллар ўтказилгач, керакли муолажа тури танланади.
Манба: Darakchi.uz