Макарон кўплаб оилаларнинг асосий масаллиқларидан бири. Аммо ҳамма ҳам уни севиб истеъмол қилавермайди. Эҳтимол бунга уни тайёрлаш ва тақдим этишда ҳамма пазандалар ҳам хилма-хилликка эътибор қаратавермаслиги сабабдир. Кўпчилик хонадонларда макарон қовурилади ёки ундан оддийгина шўрва тайёрланади. Биз таклиф этаётган қайлалар эса макароннинг хуштаъмлиги, ўзига хослиги ва ҳаммабоплигини таъминлаб, кўпчиликка манзур келса керак.
Помидор ва қаймоқли қайла
Масаллиқлар:
- бир нечта саримсоқ пиёзи;
- иккита бош пиёз;
- бир стакан ёғли қаймоқ ёки сметана;
- ярим кг помидор;
- райхон;
- зайтун ёғи;
- бир қошиқ сарёғ;
- туз;
- қалампир;
- бир оз қуритилган лимонўт;
- бир қошиқ шакар.
Тайёрланиши:
Саримсоқ бўлакчаларини тўғранг, уни зайтун ёғида қовуринг. Саримсоқ олтинранг бўлганида ёғдан олинг ва ўрнига тўғралган пиёзни солинг. Пиёзни тайёр бўлгунига қадар қовуриб, сўнгра пўсти арчилиб, тўғралган помидор, туз, қалампир, райхон (майда тўғралган ёки қуритилган), бир қошиқ сарёғ қўшинг. Суюқликнинг катта қисми буғланганидан сўнг унга қаймоқ ёки сметанани қўшинг ва қайнагунга қадар оловда тутиб, сўнгра лимонўтни солинг. Тайёр маҳсулотни макаронга аралаштириб ёки унинг устига қуйиб истеъмол қилишингиз мумкин.
- Макарон учун сабзавотли қайла
Масаллиқлар:
- 400 г помидор;
- томат пастаси;
- иккита бош пиёз;
- чучук булғор гармдориси;
- кабачки;
- сельдерей;
- ошқовоқ;
- лавр япроғи;
- хушбўй ва майдаланган қалампир;
- райхон;
- розмарин;
- тошчўп (тимьян);
- саримсоқ пиёз;
- зайтун ёғи;
- сув.
Тайёрланиши:
Барча сабзавотларни бир хил катталикда кубик шаклида тўғранг. Чуқур товага ёғ солиб, қиздиринг. Сўнгра сабзавотларни солиб, яхшилаб аралаштиринг. Паст оловда қопқоғини ёпиқ ҳолда қолдириб пиширинг. Барча сабзавотлар юмшоқ бўлганидан кейин унга томат пастаси, зираворлар, туз, қалампир, саримсоқ пиёзни солинг. Қайлани пишириш вақти тахминан 40 дақиқани ташкил этади.
3.Макарон учун пишлоқли қайла
Масаллиқлар:
- икки ош қошиқ ун, бир стакан сут;
- 50 г сарёғ;
- ўсимлик ёғи;
- туз;
- қалампир;
- 200 г қирғичдан чиқарилган пишлоқ;
- зира;
- райхон.
Тайёрланиши:
Ўсимлик ёғи қиздирилади, унга ун қўшилиб, олтин рангига киргунига қадар қовурилади. Сўнгра стакандаги сут секин-асталик билан қуйилиб, аралаштириб турилади. Қайнаганидан кейин қирғичдан чиқарилган пишлоқ қўшилиб, аралаштирилади. Зираворлар ва юмшоқ сарёғ (у аввалроқ музлаткичдан олиб қўйилиши керак) ҳам қўшилиб, аралаштирилади. Қайноқ ҳолатда макаронга аралаштирилади ёки унинг устидан қуйилади. Ёқимли иштаҳа!
- Товуқли қайла
Масаллиқлар:
- битта товуқнинг тўш гўшти (суякларсиз);
- пиёз;
- саримсоқ пиёз;
- ун;
- қаймоқ ёки сметана (бир стакан);
- сув;
- райхон.
Тайёрланиши:
Ёғи қиздирилган товача (сковородка)га тўғралган товуқ гўштини солиб, олтин рангига киргунига қадар қовуринг. Сўнгра тўғралган пиёз солиб аралаштиринг. Пиёз ҳам олтин рангига кирганидан сўнг икки қошиқ ун қўшиб карамель рангига киргунича қовуринг. Шундан кейин озгина сув солиб аралаштиринг. Қопқоқни ёпиб, паст оловда 15 дақиқа қўйинг. Гўшт деярли тайёр бўлганидан кейин устига сметана (ёки қаймоқ) қуйиб, эзилган саримсоқ, райхон, туз ва қалампир солиб, беш дақиқа димланг ва оловдан олинг.
- Товуқ ва пишлоқли қайла
Масаллиқлар:
- товуқнинг лаҳм гўшти;
- икки бош пиёз;
- 300 г шампиньон;
- сметана;
- туз;
- қалампир;
- кўкатлар;
- икки ош қошиқ сарёғ;
- ўсимлик ёғи.
Тайёрланиши:
Унча катта бўлмаган бўлакларга бўлинган товуқ гўштини ўсимлик ёғида қовуриб, бир оз тузланг. Товуқ гўшти олтин рангига кирганида тўғралган пиёзни қўшиб яна ўн дақиқача қовуринг. Сўнгра тўғралган қўзиқоринни солиб, қалампирланг. Сарёғни қўшиб, оловни пасайтиринг. Беш дақиқадан кейин сметанани солиб, тузини меъёрига келтиринг, кўкат қўшинг.
- Помидорли товуқдан макарон учун қайла
Масаллиқлар:
- товуқ лаҳм гўшти, 300 грамм;
- ўртача катталикдаги икки бош пиёз;
- ярим килограмм помидор;
- туз;
- қалампир;
- райхон;
- розмарин;
- тоғ райхон;
- шакар;
- саримсоқ пиёз;
- ўсимлик ёғи.
Тайёрланиши:
Чуқур товада майда тўғралган товуқ гўштини қизил олтин рангига киргунича қовуринг. Сўнгра тўғралган пиёз солиб аралаштиринг ва димлаб қўйинг. Помидорни қайнаган сувга бир солиб олиб, пўстини арчинг ва майда тўғраб, товуқ ва пиёзга аралаштиринг. Бир оз сув солиб, тузланг. Қалампир, бир ёки ярим қошиқ шакар, қуруқ ёки янги зираворлардан қўшиб, қопқоқни ёпинг ва пишгунига қадар димланг. Энг охирида майда тўғралган ёки қирғичдан чиқарилган саримсоқни (икки-уч бошчасини) солиб, оловдан олинг ва ўн дақиқа тиндириб қўйинг.
- Исмалоқли қайла
Масаллиқлар:
- барра исмалоқ (500 г)
- ўсимлик ёғи (зайтун ёғи тавсия қилинади);
- райхон;
- туз;
- қаймоқ (ёки сметана);
- 50 г сарёғ.
Тайёрланиши:
Товага майда тўғралган исмалоқни жойлаштириб, қопқоқни ёпинг ва бир оз димлаб қўйинг. Сўнгра озгина туз солиб, қаймоқ ёки ёғсиз сметана (бир стакан), бир қошиқ сарёғ, қуруқ ёки барра райхонни қўшинг.
Енгил ва фойдали қайла 10 дақиқада тайёр бўлади. Макарон билан хуштаъм истеъмол қилинади.
- 8. Мол гўштидан қайла
Масаллиқлар:
- 300-400 грамм мол гўшти;
- икки-уч бош пиёз;
- икки-учта сабзи;
- ун;
- гўшт шўрваси ёки сув;
- бир қошиқ қаймоқ;
- туз;
- қалампир;
- саримсоқ пиёз;
- кўкатлар.
Тайёрланиши:
Мол гўшти сомонча қилиб тўғралиб, ўсимлик ёғида жигарранг пўстлоқ ҳосил бўлгунича қовурилади. Шундан сўнг шўрва ёки сув қуйилиб, тўғралган пиёз ва сабзи солиб, паст оловда гўшт пишгунига қадар пиширилади.
Параллел равишда бошқа товада икки қошиқ ун жигарранг тусга киргунича қовурилиб, сўнгра унга бир оз сув қўшилади ва аралаштирилади. Бир оз сарёғ солиниб, туз ва қалампир сепилади. Якунда гўштли товага солинади. Таом тайёр.