Халқимиз шоира Марҳабо Каримова ҳақида гап кетганда, топиб ёзади-я, деб баҳо беради. Ана шу топиб ёзишнинг уддасидан чиқа олган, шеърларида аёл дардини санъаткорона ифода этган севимли шоирамиз Марҳабо опа бу галги саҳифамиз меҳмони.
“МеНИНГ ЭРИМ ЮРИБ КеТДИ”
- Ёзиш баъзан башорат қилишга ўхшайди. Шу маънода, олдин ёзганларингизнинг кейин ҳақиқатга айлангани бўлганми?
Марҳабо Каримова: Мен бир нарса ёзишимдан аввал, шу ёзганим бировга ёрдам бера оладими, кимнингдир кўнглига малҳам бўладими, деб ўйлайман. Бирор мавзу ҳақида ёзиш нияти туғилдими, унга боғлиқ ҳақиқатлар ҳам кўп куттирмай юз беради. Бирор нарса қораласам, ана шунинг фойдаси тегсин, кимнингдир муаммосига ёрдам берсин деб ният қиламан. Одамлар шеърингизда ўзини кўрса, сиз ёзган асарни ўқийди.
- Ҳар бир ижодкорнинг қўлига қалам тутишга ундовчи дарди бўлади. Ана шу дард уни қалам билан дўст тутинишга, доим ниманидир қоғозга муҳрлашига туртки бўлади. Сир бўлмаса, сизни ёзишга мажбур қилган дардингиз, илҳом манбаингиз нима?
Марҳабо Каримова: Тўғри айтасиз. Ана шу дард вақти-вақти билан қўзғалиб, кишини қийнаган паллада қалб кечинмаларини қоғоз билан баҳам кўради. Хаёлимда бир фикр ялт этдими, шуни шеър қилсам яхши бўларди деб ўйлайман. Кейин шуни ёзмагунимча тинчимайман. Масалан, “Менинг эрим юриб кетди” деган мазмундаги шеърдаги дард кўпчиликнинг дарди экан. Шунинг учун ҳам унга “Тасалли”деб ном қўйганман. Умуман, шеър орқали ҳаммага тасалли берганман.
- Ижодкорнинг кўнгли нозик. Бир оилада икки ижодкор бўлиши бир-бирини тўлдирадими? Ёки икки инжиқ инсон иттифоқида яшаш қийинми?
Марҳабо Каримова: Турмуш ўртоғим Абдулҳай Каримов билан биз бутунлай тескари одамлармиз. Тескари нарсалар бир-бирига тортишади, дейишади-ку. Бизнинг ҳам умримиз тортишиш билан ўтаяпти. Айнан ана шу тортишувлар бизни янада яқинлаштириб, тўлдириб туради.
- Аёлнинг кучи ожизалигидами ёки макрида?
Марҳабо Каримова: Бугунги кун аёлини ожиза десангиз кулгули туюлади. Тиббиёт илмида ҳам аёл мукаммал яратилгани учун фарзанд бера олади, дея тасдиқланди. Эркаклар табиатан соддароқ бўлгани учун, аёл мукаммалроқ, айёрроқ туюлади. Аёллар кўпинча макр-ҳийладан унумли фойдаланади.
- Шеърларингизнинг бирида “бу дунёда “жентелмен” эркаклар ҳам бормикан?” деган жойи бор. Сизнингча, айни вақтда баъзи эркакларга қайси фазилатлар етишмаяпти?
Марҳабо Каримова: Айрим эркаклар аёлидан ўз ҳуқуқларини талаб қилишда баланд келадию, лекин мардликда, олийжанобликда баландлигини кўрсатмаяпти. Аслида, эркак аёлдан нафақат жисмонан, балки маънан олганда ҳам, юқорида туриши, у энг юксак ҳурмат--эътиборга лойиқ кўрилиши керак.
- Оилада аёлнинг овози эрникидан баланд чиқса...
Марҳабо Каримова: Аслида бу эркакнинг айби бўлиши керак. Лекин бугунги кунда бу ҳолга эр-хотин баробар айбдор. Баъзи оилаларда эркакнинг мавқеи аёлникидан пастлашиши кўринаяпти. Эр ўз вазифаларини бажармагач, аёл рўзғорнинг камини тўлдириш учун ўзи ҳаракат қилаяпти. Оила камини тўлдираман деб ўзини ўтга чўққа ураяпти. Бу эса, эркакнинг мавқеини янада туширади.
- Сўз ё даволайди, ё яралайди. Сизнинг шеърингиздан илҳомланиб ҳаётга қайтган, тушкунликдан чиққан мухлислар ҳам бўлганми?
Марҳабо Каримова: Мени мухлисларим нимага яхши кўради, деб ҳайрон бўлардим. Уларнинг бирор камини тўлдирмаган бўлсам, бирортасига ёрдам бермаган бўлсам ҳам менга худди яқин инсонидек яқин муносабатда бўлишади дердим. Кейин учрашувларда билдимки, шеърим орқали менга яқин бўлган инсонлар тақдири, баъзан фикрлари ҳам менга ўхшаркан.
- Шеърларингизда ўзбекнинг меҳрибон, жафокаш аёли тасвирланган. Кўпчилик ана шу қаҳрамонлар сизнинг ўзингиз деб ўйлайди. Бир шеърингизда эридан калтак йеб, фарзандига кийим олиб берган, боласига кийим олиб бериш учун яна калтак йейишга тайёр муштипар она қиёфасини чизгансиз. Айтинг-чи, бу бадиий тўқимами ёки ҳаётий воқеа?
Марҳабо Каримова: Айнан шу шеъримда ҳаётда бўлган воқеани ёзганман. Ахир мен ҳам рафиқаман. Оилада ҳамма хотинларга ўхшаб калтак йеганман.
- Сизнингча ақлли аёл қандай хатога йўл қўймаслиги керак?
Марҳабо Каримова: Оила бузилишига ташқаридан жуда кўп сабаблар, уринишлар бўлади. Ақлли аёл сабрли бўлиб, оилани сақлаб қола олиши керак. Аёл эр хиёнатини сезиб туриб ҳам билмасликка олиши, керак вақтида кечира олиши муҳим.
- Марҳабо Каримовадан яхши қайнона бўлиш “ретсепти”...
Марҳабо Каримова: Менинг иккита келинимга қилган энг катта “ёмонлигим” уларни эркин ва эрка қилганман. Улар ҳозир алоҳида яшашади. Лекин мен улардан фалон ишимни қилиб бер, деб талаб қилмайман. Уларни тергамайман. Балки шунинг учундир, биз қайнона-келиндан кўра, дугоналарга ўхшаймиз. Бу ишим опа-сингилларимга ёқмайди. Олти опа-сингил ичида энг бўш қайнона бўлдинг деб мени койишади...
ЯНГИ ДАРВОЗА
Хабар келди: “То тўрттагача,
Уйланишга берилди рухсат,
Лекин билинг, хотинлар ичра
Қилолмайсиз асло адолат.”
Бир бой деди: “Хотин устига,
Олиб битта сарви қоматин,
Иккаловин ўрталарида
Ўрнатаман мен адолатни”.
Ўйланди ва айтганин қилиб,
Бир хил кўрди икки хотинни,
Бир хилда уй, бир хил дераза,
Бир хил ўчоқ, бир хил ўтини.
Бир хил жаҳл, бир хил табассум,
Бир хил салом, бир хилда алик,
Ҳатто кийган кўйлаклари ҳам,
Бир хил ёқа, бир хил тугмалик.
Бой ўйлади: “Бўлар экан-ку,
Адолатни ўрнатса агар.
Ёлғон чиқиб қолса-я, ажаб,
Фаришталар келтирган хабар”.
Хулосага сал шошилди бой,
Юрганида ўз-ўзин мақтаб,
Буюк қудрат соҳиби сўзин
Ростлигини қўйди тасдиқлаб.
Тўққиз ойда туғди хотинлар,
Бири қизу, бири ўғилча,
Бой хижолат ёғилар савол:
“Бу қанақа адолат почча?”
Бирига қиз, бирига ўғил?
Тушунмадик, бу қандай ҳолат?
Келиб-келиб энг муҳим ишда
Қилмабсиз-ку, ахир адолат?!
Чақалоқлар чилласи чиқмай,
Бойнинг уйи ғамхона бўлди,
Э йўқ, бе йўқ, умр экан-да,
Икки хотин бир кунда ўлди.
Бой қилдирди, бир хилда кафан,
Бир хил тобут, бир хил сағана.
Бир пайтда чиқсин тобутлар.
Деса, битта экан дарвоза.
Икки қулоч деворни бузиб,
Бир дарвоза қурилди яна,
Бой кўнгли тўқ, руҳлар шод бўлсин,
Адолатми, адолат, мана.
Бир хил дарвозадан бир хил пайтда
Чиқиб кетди иккала тобут.
Бой ўйлади: “Адолатимдан
Хотинларим бўлгандир хушнуд”.
Шу кеча туш кўрса, бош хотин,
Дермиш: “рози эмасман сиздан
Эркалатиб янги хотинни
Чиқардингиз янги эшикдан”.