Яқинда бир воқеа эшитиб тўғриси ҳайратда қолдим. Шу кунларда, шу замонда икки оила ўзаро қудачилик алоқаларини боғламоқчи бўлишибди. Йигитникидан қизникига совчилар келган. Қизникидан розилик олингач, уларнинг фотиҳаси бўладиган кун келибди. Фотиҳа учун катта тайёргарлик кўрилган, дастурхонлар ясатилган, катта-катта рақамларда ҳаражат қилинган. Аёллар ва эркаклардан иборат куёв томонидан келган элчилар жуда назокат билан муомала қилишади. Одобу, гап оҳанги, чой ичишу, овқат йейишгача ҳаммаси жуда такаллуф билан тўлиб тошганки, бу саҳнани унча-бунча санъаткорлар ҳам ижро этолмайди. Хуллас, шундай чиройли суҳбат устида қуюқ-суюқ авжида бўлган жойда куёв томон элчиси сўраб қолди:
-Узрку, қуда хола қизингизнинг машинасини тўйдан кейин ўзининг номига ўтказиб берасизми ёки куёвингизними?
-У машинани қизим ўқишга бориб келиши учун харид қилганмиз. Аммо уни қизимга бериш ниятимиз йўқ,- деди қизнинг онаси кутилмаган саволдан довдираб.
-Ие, ўз қизингиздан ҳам битта темирни қизғонасизми?
-Қизғанишга-ю қизғанмайман, аммо менинг ҳам ўзига яраша ҳисоб-китобим бор. Машина укасига қолади.
-Ҳмм, шунақа денг,- куёв томондан келган вакилнинг ранги ўзгарди...
Буни кўрган қизнинг онаси “Сизларга келин керакми, ёки машина” деб шу заҳоти фотиҳани бузибди.
Замонавий ҳикоямизда заррача бўлсин ёлғон, бўрттириш йўқ. Бу шунчаки ҳаётимиздан олинган воқеа. Ишонмасангиз, у содир бўлган маҳаллани ёзиб юбораман.