Биласизми?

Молиявий муаммолар инфаркт хавфини 13 мартага оширади

Молиявий қийинчиликлар инсонларда кучли стрессни келтириб чиқаради, бу эса ўз навбатида инфаркт хавфини 13 мартага оширади. Бу ҳақда «РИА Новости»га асосланиб, Daryo.uz хабар бермоқда.

Тадқиқотчилар Йоханнесбургдаги касалхоналардан бирида 106 нафар ўткир миокард инфарктига чалинган киши ўртасида сўровнома ўтказди.

Сўровнома иштирокчиларидан улар касалликка чалингунигача бўлган бир ой ичида иш фаолияти ёки молиявий муаммолар билан боғлиқ стресс ёки асаббузарликларни бошдан кечиргани ҳақида сўралди.

Шу билан бирга олимлар худди шунча нафар инфарктга чалинмаган инсонларни ҳам сўроққа тутди.

Олимларнинг аниқлашича, молиявий муаммолар ёки иш билан боғлиқ стресс миокард инфарктига чалиниш хавфини оширган.

Иш фаолиятида ўртача ёки жиддий стрессни бошдан кечираётган инсонларда инфарктга чалиниш хавфи бундай зўриқишни бошдан кечирмаган инсонларга нисбатан 5,6 марта юқорироқ экан.

Мунтазам равишда молиявий қийинчиликлар гирдобида яшовчи инсонларнинг инфарктга чалинишга мойиллиги 13 мартага кўпроқ эканлиги маълум бўлди.