Тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор Қамариддин Боқиев қўзиқорин билан боғлиқ қизиқарли ва фойдали маълумотлар ҳақида гапириб берди:
– Истеъмол қилиш мумкин бўлган ва заҳарли қўзиқоринларни бир-биридан ажратиш мураккаб. Кўп ҳолларда улар бир-бирига ўхшайди. Оқ қўзиқорин, қизил қўзиқорин, шампиньион ва опёнок турлари истеъмолга яроқли қўзиқоринлардир. Заҳарли (қизил мухамор, кулранг мухамор, сатанин, сариқ сохта қўзиқорин)ларни истеъмол қилганда, тузланган ёки мариновка қилинган қўзиқоринларни рухланган идишларда сақлаганда заҳарланиш рўй беради.
Айни баҳор ойларининг ёғингарчилик кунларида қир-адир ва дарахтзорларда турфа хил қўзиқоринлар чиқади. Лекин ҳар қандай қўзиқоринни билиб-билмай тановул қилиш кўнгилсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, замбуруғлар ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсининг оралиғида бўлган алоҳида гуруҳ ҳисобланар экан. Яъни, замбуруғлар на ўсимлик, на ҳайвон. Табиатда шундай замбуруғларнинг 100 мингдан ортиқ тури учрайди. Қўзиқоринлар ҳам шулардан бири.
Юртимизда қалпоқчали замбуруғларнинг 200 дан зиёд тури мавжуд. Улардан 150 дан зиёд ботаник тури заҳарли, атиги 25 туригина истеъмол учун яроқли ҳисобланади.
Истеъмолга яроқли қўзиқоринлар маъданли моддалар, оқсил ҳамда “С” ва “В” гуруҳларига мансуб дармондориларга жуда бойдир. Унинг энг асосий устунлиги – таркибида оқсилнинг мўллигида. Қўзиқоринда оқсил тухумдан 2, гўштдан 3 баробар кўп экан. Фосфор ва калций борасида балиқ қатори.
Қўзиқорин қондаги холестерин миқдорини пасайтиради. У, шунингдек, қандли диабет билан оғриган кишиларга фойдали.
Қўзиқоринлар хом сабзавотлар (бодринг, карам, помидор) билан келиша олмайди, бундай аралашма ошқозон бузилиши ва дам бўлишга олиб келади. Шу боис уни фақатгина пишган сабзавотлар билан бирга истеъмол қилган маъқул.
Истеъмолга ярақли – “сморчок” ва “строчок” қўзиқоринларидан нотўғри таом тайёрланганда ҳам киши заҳарланиб қолиши мумкин. Чунки улар таркибида заҳарли гельвелат кислота бўлиб, у сувда яхши эрийди, шунинг учун бундай турдаги қўзиқоринларни истеъмол қилишдан олдин қайнатиб, сувини тўкиб ташлаш керак.
Автомагистрал йўл ёқалари, заҳарли оғулар ҳамда кимёвий моддалар сақланадиган омборхоналарнинг теварак-атрофларида ўсадиган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиш ҳолатлари кузатилади. Чунки машиналардан чиқадиган ис-газлар ва заҳарли моддаларни қўзиқоринлар ўзига сингдириб олади, демак бундай ҳолатларда истеъмолга яроқли бўлган қўзиқоринлардан ҳам одам заҳарланади.
Қўзиқориндан заҳарланганда касаллик белгилари истеъмол қилинган қўзиқориннинг турига қараб, турлича намоён бўлади. Масалан, қизил мухамор таркибида мускаридин ва мускарин алкалоидлари мавжуд. Қизил мухамордан заҳарланганда касаллик белгилари 1-2 соат ўтгач намоён бўлади. Асаб тизими фаолиятида ўзгаришлар, сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши мумкин, томир уриши (пульс) секинлашади ва сустлашади, беморларда алаҳсираш (галюцинация), титраш, шунингдек, кўз қорачиғининг кенгайиши ёки торайиши кузатилади.
Беморларга тез тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-2 кундан кейин соғайиб кетади. Ўз вақтида даво чоралари кўрилмаган вақтларда беморнинг аҳволи оғирлашиб, фожиали якун топиши ҳам мумкин. Бундай ноҳуш ҳолатларни кузатилмаслиги учун ҳар бир шахс заҳарли ва заҳарсиз қўзиқоринларни ажрата олиши лозим.
Бозорлар ва савдо дўконларидан қўзиқорин харид қилмоқчи бўлсангиз, гигиеник ва мувофиқлик сертификатлари ҳамда ветеринария-санитария лаборатория мутахассислари томонидан бериладиган маълумотномани талаб қилинг. Қўзиқоринларни турғун савдо шохобчаларидан, белгиланган жойлардан тегишли сифатини кафолотловчи ҳужжатлари бор бўлган тақдирда харид қилинг.
Манба: Darakchi.uz