Маданият

Нима учун сочлар ўсмай қўяди?

Гарчи сочлар ҳеч қачон ўсишдан бутунлай тўхтамаса ҳам, бу жараёнга тўсқинлик қилувчи баъзи омиллар мавжуд. Экспертлар бунга нималар таъсир кўрсатиши ва бу муаммони қандай бартараф этиш ҳақида маслаҳатлар тавсия қилади.

Сочларни текислаш

«Ҳар биримиз учун сочлар айни шароитда қанча узунликкача ўса олишининг маълум бир чегараси бўлади. Шундан кейин сочлар ўсишда давом этишнинг ўрнига «гуллай» бошлайди. Ва сиз то одатларингизни ёки сочларни парвариш қилиш воситаларини ўзгартирмагунингизча ҳеч нарса ўзгармайди, – дейди стилист Шаб Агажани. – Учларини кесинг, сочларни иссиқликдан ҳимоя қилувчи воситалардан фойдаланинг, уларга мос келувчи озиқлантирадиган ниқоб ёки бошқа воситаларни танланг – сизнинг бевосита аралашувингизсиз ҳеч нарса ўзгармайди».

Генетика

Сочларнинг ирсият билан боғлиқ бўлган мумкин қадар узунлиги бўлади. «Бу ундан кейин бутунлай ўсишдан тўхтайди дегани эмас. Ўсиш фазаси кўп жиҳатдан ирсий томондан белгиланади ва одатда 2 йилдан 6 йилгача давом этади», – деб тушунтиради сочларни тиклаш бўйича мутахассис ва пластик жарроҳ Жеймс Маротта.

Ёш

Қариш жараёни организмда юз берадиган кўплаб ўзгаришлар билан бирга кечади ва уларнинг энг охиргиси сочларга тегишлидир. Ёш ўтиши билан сочлар анча заифлашади.

«Тадқиқотларнинг кўрсатишича, сочларнинг биологияси ўзгаради, ўсиш босқичи эса қисқаради. Бу сочлар кўп тўкила бошлашини билдиради ва шунинг учун улар ингичка ва калта бўлиб кўринади, – дейди шифокор Маротта. – Бундан ташқари, 45 ёшдан кейин бошдаги тери безлари камая бошлайди ва сочлар қуруқ, синишга мойил бўлиб қолади».

Сочларнинг бузилиши

Сочлар ўсмай қолгандек туюлиши мумкин, лекин аслида бунинг сабаби сочларни ювиш, тараш, турмаклаш ёки рангсизлантириш натижасида уларнинг учлари бузилганидан бўлиши мумкин. Сочларга қўпол муносабатда бўлиш, қаттиқ тўғноғичлар ва ҳаддан ташқари кўп тараш уларнинг қуруқ ва синувчан бўлиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.

Соғлиқ билан боғлиқ муаммолар

«Мен аллергия, дерматит, гормонал бузилишлар ва соғлиқ билан боғланган бошқа муаммолар пайдо бўлганда ҳар доим шифокорга мурожаат қилишни тавсия қиламан», – дейди нью-йорклик стилист Стефани Скуоппо.

Парҳез

Овқатланиш ва витаминлар танқислиги сочларга кучли таъсир кўрсатиши мумкин.

«Сочларнинг сифатини ва узунлигини сақлаб туриш учун ферритин, рух ва B12 витаминини керакли миқдорда ушлаб туриш жуда муҳим, – тавсия қилади шифокор Маротта. – Сочларнинг заиф ва мўртлигининг олдини олиш учун темир ва оқсиллар миқдори етарли бўлиши керак. Қалқонсимон безнинг ҳаддан ташқари актив ёки пассив бўлиши ҳам сочларнинг ҳолатига таъсир кўрсатиши мумкин».

Манба: Daryo.uz