Кутубхона

Ногирондан миллионерларга мурожаат

ФБ яхши нарса-да - миллиондан ортиқ муxлисим бор экан!

Хатто айрим муҳлисларимнинг мени йўқлаб қўнғироқ қилиши ғоят ёқимли!

Тўрт-беш кун олдин шундай қўнғироқ бўлди.

- Салом Қадамбой оға, ничиксиз, жонлимисиз?

- Раҳмат, ким бу, танимадим?

- Ҳамшаҳармиз. Уйимга кела оласизми, сизга совғам бор эди?

Дарров такси чақириб, уйига етиб бордим. Бошимда минг ҳаёл: ҳомий топдим шекилли, энди китобимни чиқартираман, бошқа проектларимни ҳам юзага чиқартириш вақти келди, чоғи? Такси олиб борган манзилга боргач (айтилган манзилда жойлашган уйни кўриб), қилган ҳаёлларим “ёввойи каптардек учди-ю кетди”: шундай хароба уйки... Бўстонда бундай уй бўлиши мумкинлигини хеч ўйламаган эканман!

Ҳа майли, шундан шунга фалон пул тўлаб келгач, кириб чиқай!

Эшикни қари кампир очди ва ичкарига таклиф қилди. Мен билан гаплашган ногирон ўғли экан. Бу уйда она-бола иккиси яшар эканлар. Йигит аввал соғлом экан. Чет элда ишлаб юрганида, устига юк тушиб кетиб, хозирги ахволга тушиб қолибди.

- Сизни чақирганимдан мақсад, - деди у. – Бундан хафта бурун ҳокимиятда бир тадбир бўлди. Мениям олиб кетишди, ногиронлар араваси беришди. Ташқарига чиқсам, қуёш шундай чарақлаб турибдики... Қиши билан қуёшни соғинган эканман, ёнимда борган қўшни болага “хайда, уйгача - аравада борайлик” дедим. Ҳокимиятдан уйгача икки километрча йўл, лекин шу масофа ногиронлик араваси учун узоқлик қилди. Ҳамма падшипниклари синиб, баллонлари ёрилиб қолди! Мен ФБда сизга ногиронлик араваси кераклигини ўқиб қолдим ва бу аравани сизга совға қилмоқчиман!

- Раҳмат ука! – дедим унга. – Қани аравангни бир кўриб берай-чи?

Қарасам, араванинг списа (чўп) лари умуман нотўғри терилган ва яхшилаб қотирилмагани учун диск саккиз холига келган ҳамда темир чўплар камерини ёриб ташлаган. Подшипникларнинг шу қадар бракидан ишлатибдиларки, олдинги саккиз ва орқа баллондаги тўрти – жами ўн иккисининг ҳаммаси тўкилиб тушибди!

“Буни менга бериб ўзинг нима қилмоқчисан” десам, эски аравасини кўрсатди. Униям сварка тегмаган жойи қолмабди.

- Кўп йиллик практикам бор, мен деярли уста бўлиб қолганман. Кел, аравангни тузатиб берай...

Уйга келиб ғилдирак списаларини тузиб-торттириб, Урганчга қатнайдиган таниш таксига подшипник олдирдим, камерлари ўта брак бўлганигами ё дамсиз хайдалганигами – хуллас титилиб кетган экан, уларни алмаштирдим ва уч кунда аравани эгасига топширдим. (Буни пул учун қилмадим, бу –“хобби”!)

Авваллари ногиронлик аравачаси ҳар икки йилдан бериларди. Ҳар икки йилда бир марта райсобесга энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида пул тўлаб қўяр эдик.

Янги йил олдидан ногиронлар куни “нишонланади” – билсангиз, шу куни навбати келганларга ТАНТАНАЛИ равишда ногиронлик аравачалар топшириларди. Бу аравачалар ошиб борса, олти ой чидаб берарди, ундан нарёғига сваркачи уста ўртоқ топишга мажбур эдинг...

Аммо етти-саккиз йилдан бери берилаётган аравачалар шу қадар бракки, пул тўлаб олгулик бўлмай қолди!

Яқин икки-уч йилдан бери аравача бепул берилсин деган “закон” чиқди, фақат ҳар беш йилдан!

Аммо сифати ўзгармади: кўриб турибсиз-ку?

АЗИЗ ЮРТДОШИМ! Чет элларда яшайдиган ва ўта бой юртдошларимиз бормиш деб эшитгандим.

Масалан, АҚШда бир мултимиллионер юртдошимиз бор эмиш ва у Ўзбекистонда камида 25 ишчи ўрни очмоқчи ва ҳар бир ишчига камида 10 миллион сўм ойлик бермоқчи деб эшитгандим.

Ёки Дубайда яшайдиган бир юртдошимиз президентимизга ўз фирмасида ишлаб чиқарган зирҳли автомобилни совға қилишга тайёр деб эшитганим бор!

Албатта, бу гаплар шунчаки ўз бойлигини кўз-кўз қилиш бўлмаса!

Чунки бизда 10 миллион сўмга 25 одамни ишлатиш - иш билан таъминлаш мумкин.

Чунки бизнинг одамларга трактор тележкасида юриш ҳам уят саналмайди!

СИЗДАН ИЛТИМОСИМ ШУКИ, билсангиз, менга шу юртдошларимиз билан қандай боғланиш йўлини айтинг.

Қани эди, таништириб қўйсангиз?

Мен ногиронлар учун аравачалар, ходуноклар, ҳасса ва қўлтиқтёқлар тайёрлайдиган кичик корхона очиш ниятидаман. Шунча йиллик умрим мобайнида бир хулосага келдим: НОГИРОННИНГ ДАРДИНИ ФАҚАТ НОГИРОН ТУШИНАДИ!

Илтимос амалий ёрдам беринг...

Ҳурмат билан Қадамбой Отабоев