Никоҳ узуги нега айнан номсиз бармоққа тақилиши сабабини биласизми? Бунга Қадимги Греция олими Плутарх шундай изоҳ беради: қадимги греклар узукни чап қўл жимжилоғи ёнидаги бармоққа таққан. Айни шундай одат римликларда ҳам бўлган. Бунга Мисрга хос одам жасадини ёриш одатини амалга ошириш давомида айнан ушбу бармоқдан чиққан жуда нозик асаб томири юраккача етиб бориши аниқланганлиги сабаб бўлган. Шунинг учун бу безакни айнан номсиз бармоққа тақиш маъқул деб топилган.
Никоҳ узукларини танлаш тўйга тайёргарликнинг муҳим қисмларидан биридир. Бугун барча нарсага, жумладан, никоҳ узуклари танлашга ҳам креатив ёндашиш урфда. Хўш, ноодатий никоҳ узуклари қандай кўринишга эга?
Квадрат узуклар
Кўпчиликдан ажралиб туришнинг энг оддий усули — квадрат шаклидаги ғаройиб узук тақиш. Улар ғайриодатий кўринса-да, тақиш учун жуда қулай.
Электрон узуклар
Агар сиз ва севимли инсонингиз вақт билан ҳамнафас одимлаётган одамлар сирасига кирсангиз ёниб турувчи логотипларга эга узуклар танлашни тавсия этамиз. Бундай узукларнинг эркаклар учун мўлжалланган варианти тўй кунини эслатиб туриш вазифасини ҳам бажара олади.
Бошқотирма узуклар
Барча нарсадан яширин маъно изловчи келин-куёвга баъзи заргарлик уйлари бошқотирма узукларни таклиф қилмоқда. Уларда фақат келин-куёвга маълум мактуб шифрлаб қўйилган.
Проектор узуклар
Бу номланиш қанчалик ғалати эшитилмасин, маълум бир ракурсдан қараганда узукнинг ички томонида келин-куёвнинг суратини кўриш мумкин бўлган узуклар ҳам бор. Техника тараққиёти шу даражага етганлигига қойил қолмай иложимиз йўқ!
Манба: Daryo.uz