Биласизми?

Ўзбекистондаги 9 та олий таълим муассасасига бу йил учун қўшимча квоталар берилди

Ўзбекистондаги  9 та олий таълим муассасасида 2018/2019 ўқув йилги ўқиш учун хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари асосида бакалавр ва магистрлар тайёрлаш бўйича қўшимча қабул квоталари тасдиқланди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати маълумотига таянган ҳолда  Kun нашири ​хабарбермоқда.

Маълум қилинишича, қўшимча қабул квотаси бўйича ўқиш тўлов-контракт асосида ​ташкил этилиши назарда тутилган бўлиб, булар:

Тошкент давлат техника университети – 75 та (бакалавриат);

Андижон машинасозлик институти – 90 та (бакалавриат – 80 та, магистратура – 10 та).

Тошкент давлат стоматология институти – 60 та (бакалавриат);

Тошкент кимё-технология институти – 20 та (магистратура);

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети – 10 та (магистратура);

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти – 25 та (бакалавриат);

Миллий рассомлик ва дизайн институти – 20 та (бакалавриат);

Наманган муҳандислик-технология институти – 60 та (бакалавриат);

Наманган муҳандислик-қурилиш институти – 60 та (бакалавриат);

Тўлов-контракт асосида хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари асосида бакалавриат ва магистратурага абитуриентлардан ҳужжатлар 2018 йил 25 сентябргача қабул қилинади. Кириш имтиҳонлари олий таълим муассасалари томонидан 2018 йил 28-30 сентябрь кунлари ўтказилади.

Қўшма таълим дастурлари асосида бакалавриат ва магистратурага ўқишга тавсия этилган абитуриентлар учун ўқиш истисно тариқасида 2018 йилнинг 2 октябридан бошланади. Кириш имтиҳонлари натижалари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Кириш синовлари натижаси бўйича тўлов-контракт асосида қўшма таълим дастурларида ўқиш истагини билдирган абитуриентларга тўлов-контракт шартларини бажаришнинг охирги муддати 2018 йил 31 октябрь этиб белгиланди. Қўшма дастур доирасида таълим оладиган талабалар ўқиши мазкур ва республиканинг бошқа олий таълим муассасалари таълим йўналишлари ва мутахассисликларига ўқишга кўчирилмайди ва тикланмайди.