Кутубхона

Обуна мавсуми. Мажбурлашлар авж олаётган бу соҳани ҳам тартибга солиш фурсати етиб келмадими?

Пахта мавсуми тугаб, обуна мавсуми бошланди ҳамки KUN.UZ таҳририятининг электрон почтаси турли арз-доду, шикоятлар битилган хатларга тўлиб кетди. Уларнинг аксарияти ўқитувчилар, ота-оналар ва талабалардан келиб тушган...

Ҳозир 2018 йил обуна мавсумига якун ясалди. Биз турли босма даврий нашрларда меҳнат қилаётган ҳамкасбларимизни ҳурмат қилган ҳолда таъкидлашимиз жоизки (чунки бу иллатда уларнинг ҳам маълум бир «ҳисса»си бор), кейинги йилларда «обуна юки» ҳам фуқароларимизнинг асабига тегиб келаётгани бор ҳақиқат.

Солиқ идоралари томонидан тадбиркорларга, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ходимларга, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўқитувчилар ва шифокорларга, олийгоҳлардаги талабаларга обуна режаси белгилаб берилаётгани, обуна учун пул уларнинг ойлик маошидан босиб қолинаётгани кўз юмиб бўлмайдиган аччиқ ҳақиқат.

Тизим соат механизмидек аниқ ишлайди. Берилган режа бажарилиши керак - тамом вассалом. Лекин ҳаммаси кўнгилдагидек эмаслиги аниқ, чунки шикоятлар бор…

Хўш, обуна нима ўзи? Бу — даврий нашрга 1 йил олдиндан тўлаб қуйиладиган, фоизсиз ишонч кредити. Даврий нашрларимиз, айрим газета ва журналаримиз шу ишончга лойиқ бир йил ишлаб бера олиш-олмаслиги алоҳида ўрганиладиган мавзу, албатта. Лекин ахборот асрида яшаётган бугунги инсонни ўзи ўқишни хоҳламайдиган нашрга мажбурлаб обуна қилдириш ғирт бўлмағур иш эканлиги ҳам рост.

Қандай нашрларга обуна уюштирилади?

Кўп йиллик кузатишларим асосида қўрқмай таъкидлашим мумкинки, даврий нашрлар шартли беш қисмга бўлинади:

1. Давлат нашрлари. Ҳа, улар саноқли ва салмоқли. Улар, асосан, ўз мухбирлари хабар ва янгиликлари, ЎзАда чиққан расмий материаллар ва реклама билан саҳифаларини тўлдиришади. Ҳолбуки, ахборотга чанқоқ инсон бу ердаги информацияларни Интернет орқали ўша куниёқ кўриб, кузатиб, хулоса чиқариб бўлган бўлади. Лекин ахборот ташишнинг бир усули сифатида бундай нашрлар ҳам керак. Чунки интернет етиб бормаган кўп жойларда бундай нашрлар керак бўлади. Лекин секин-аста давлат нашрларининг ўрнини давлат интернет-нашрлари эгаллаб бориши керак. Чунки маъмурий ресурс ричаги ёрдамида мажбурий обуна қилинадиган энг кўп даврий нашрлар ҳам давлат нашрларидир.

2. Партия нашрлари. Партияларимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар, ғояларни тарғиб этувчи нашрлар бўлиши керак. Лекин буларнинг ҳам аксарият сонларидаги маълумотлар давлат нашрлариники билан бир хил эканлиги сир эмас. Буларнинг обунасини ташкиллаштиришда ҳам жойлардаги маъмурий ресурс ишга солинади.

3. Тармоқ нашрлари. Вазирлик, қўмита, агентликлар тарафидан нашр этилаётган, ўз соҳаси бўйича мақола, хабар ва янгиликлар ёритилувчи нашрлар. Солиқ, молия, таълим, тиббиёт соҳалари ва ҳуқуқ-тартибот органлари нашрлари бунга мисол. Обуна фақат ўз соҳаси кишилари учун уюштирилади.

4. Бозорда ўз ўқувчисини топган хусусий нашрлар. Ўндан зиёд, хусусий матбаачиликда ўз ўрнини топган нашрлар ҳам борки, буларнинг обунаси мажбурий тарзда эмас, мутлақо ихтиёрийликка асосланган. Булар обуна мавсумида ТВ-радиода реклама уюштиришади, кўчаларда баннер илишади. Аслида, ўзини ҳурмат қиладиган барча нашрлар обуна уюштиришда айнан мана шундай ишлаши керак. Бу ҳақда қуйида батафсилроқ тўхталамиз.

5. Бозорда ўз ўқувчисини топа олмаган, фақат мажбурий обуна эвазигагина кун кўраётган хусусий нашрлар. Бундай нашрлар давлатнинг бирор органи муассислигида чиқарилмайди ёки ҳеч бир тармоққа тегишли эмас. Лекин ҳокимликлар, корхоналар, ташкилотлар, почта ва матбуот тарқатиш бўлимларида мукофот эълон қилиш, пора эвазига оғдириш, фойдани бўлишиш каби усуллар билан мажбурий обуна уюштирувчи таҳририятлардир. Аслида уларнинг газета-журнали ўқишли ҳам эмас. Обуна уюштирилса ҳам нашрлар обуначиларга охиригача ёки умуман етказилмайди (қуйироқда батафсилроқ тўхталамиз). Таҳририятимизга келган шикоятлар ичида ана шундай нашрлар ҳам тилга олиб ўтилган.

Обуна қандай уюштирилади?

Келинг, аввало, обуна рисоласида ёзилиши бўйича қандай уюштирилиши кераклиги ҳақида тўхталиб ўтсак.

Сиз ўзингиз ёқтирган (ёки тавсия этган) газета ёки журналга обуна бўлишни режалаштирдингизми, унинг «Ўзбекистон почтаси» АЖ ёки «Матбуот тарқатувчи» АК томонидан чоп этилган ёки расмий сайтида эълон қилинган каталогдаги нархини кўриб чиқиб, кераклисини танлаб, алоқа бўлимлари ёки киоскларда пулини тўлашингиз, эвазига сизга квитанция ёзиб беришлари керак.

Бўлди! Танланган нашр, пули тўланган обуна муддати ва даврийлигига қараб, квитанция бўйича сизга даврий нашр ўз вақтида етказилиши лозим.

Лекин айни пайтда юртимизнинг турли гўшаларида обуна қандай уюштирилаётганлигидан барчамиз хабардормиз.

Ташкилот, корхона, муассаларда раҳбарнинг бўйруғи билан обуна уюштирувчи тайинланади. Ҳеч кимга танлов ҳуқуқи берилмайди. Фалон миллион обуна учун пул режа қилинади ва пул йиғилади. У пулларга ким обуна бўлди, қайси нашрга қанча ададда обуна бўлди — қизиқишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Мактаблар ва олийгоҳларда ҳам шу аҳвол. Талаба ва ўқувчиларга 25–30 минг сўмдан обуна учун пул йиғиштирилади. Ота-оналарнинг аксарияти беришади. Талабаларнинг эса стипендиясидан босиб қолинади. Лекин уларнинг қўлига обуна бўлинган нашрлар ҳар доим ҳам етиб келмайди.

Бу ҳол обуна уюштиришда ўзганинг ҳақини ейиш, турли хил найранг ва қаллобликлар келиб чиқишига замин яратади.

Келинг, обуна билан боғлиқ ўта оғриқли муаммолардан бирини таҳлил қилайлик.

Обуна уюштириш, даврий нашрларни ўз эгаларига ўз вақтида етказиб бериш учун «Ўзбекистон почтаси» АЖ ва «Матбуот тарқатувчи» АКнинг кўп йиллик тажрибаси, ресурслари, кадрлари, вилоятларнинг барчасида филиаллари ва шўъба корхоналари мавжуд бўлгани ҳолда, ҳозир хусусий тарқатувчи фирмалар ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Лекин уларда етарли ресурс йўқ, ходимлар йўқ. Номига «почта» ва «матбуот»нинг каталогидан пича арзон (айрим ҳолларда келишилган «откат» туфайли каррасига қиммат) нархлар билан корхона, ташкилот ва муассасаларда обуна ташкиллаштиришади. Улар «почта» ёки «матбуот тарқатувчи» сингари ҳар бир фуқаро билан тўғридан-тўғри ишлаш имконини мутлақо тақдим эта олишмайди. Албатта, ташкилотларни гуруҳ усулида, умумий обуна қилишади.

Шундай обуначи фирмалар билан обуна уюштирилди, миллионлаб пуллар йиғилди ҳам дейлик. Энди қандай оқибат келиб чиқади? Бундай «обуначи фирмалар» билан пулни «арра» қилиб еб кетадиган раҳбарлар ҳам учрайди. Кейин, раҳбар маълум бир фоизга (15–20 атрофида) келишиб, обуна уюштиришда камарбаста бўлиб беради. Фирма эса дастлабки уч-тўрт ойда амаллаб, кўпинча кечикиб, нашрларни етказиб туради. Кейин етказишни бас қилади. Раҳбар билан тил бириктириб, сохта юк хатлари билан «иш»ни ёпишади. Ҳеч ким кетини суриштирмайди. «Битта газетанинг кетидан суришиб юраманми», деб қўл силтайди аксарият кишиларимиз. Бу эса фирибгарларнинг тегирмонига сув қўйишнинг ўзгинасидир.

Мана шундай «фирма»лар ҳам обуна уюштиришу, пулларни еб кетиши, обуначиларга нашрларни етказиб бермаслиги билан ҳам аҳоли ўртасида норозилик келтириб чиқаришмоқда. Боз устига, бундайларнинг кирдикорларидан нафақат обуначилар, таҳририятлар ҳам куйиб қолишмоқда. Чунки, нашрнинг етказилмай қолган қисмига тегишли обуна пули тўлиқлигича еб кетилади. Таҳририятга ўтказиб берилмайди. Таҳририятлар эса бу нарсадан бехабар ҳам қолиб кетишади. Обуна бўлган нашри етиб келмаган айрим муштарийлар эса таҳририятга қўнғироқ қила бошлашади... Бу ҳолда таҳририятнинг айби не?

Энди нопок хусусий нашрлар таҳририятлари ҳақида. «Ўзбекистон почтаси» АЖ ва «Матбуот тарқатувчи» АК томонидан уюштирилган умумий обуна пулининг 6 ойлиги таҳририятга қоғоз захира қилиш ва бошқа харажатлар учун олдиндан ўтказиб берилади. Тилга олинаётган таҳририятлар ана шу пулни олиб, нашрларни ўз вақтида обуначиларга етказишмайди. Ўртада тушунмовчиликлар келиб чиқади. Бу ҳолда яна якуний истеъмолчи — муштарий жабр кўради етказилмаган нашрлар учун пулни обуначи «почта» ёки «матбуот»дан талаб қила бошлайди...

Буларнинг барчасига қандай чек қўйиш мумкин?

Соҳани тўлиқлигича тартибга солиш лозим. Энг қизиғи, бу у қадар қийин иш ҳам эмас.

Аввало, обуна билан «Ўзбекистон почтаси» АЖ, «Матбуот тарқатувчи» АК ва ўзининг ҳалол ишлаши билан эътибор қозонган айрим йирик хусусий обуна уюштирувчилар шуғулланиши керак.

Бу иш билан шуғулланмоқчи бўлган хусусий корхоналар Ўзбекистон Республикаси информацион технологиялар ва коммуникациялар агентлиги томонидан лицензияланиши лозим. Лицензия олиш талаблари ичида даврий нашрларни сақлаш учун хусусий кўчмас мулк, тарқатиш учун транспорт воситалари сони, электрон обуна уюштиришга яроқли расмий сайти каби критерийлар киритилиши шарт. Шу иш билан шуғулланаман деган ишбилармон, аввало, ўз маблағлари ҳисобидан ўрнатилган талабни жорий қилсин, ана ундан кейин фуқароларнинг миллиардлаб маблағларини тасарруф эта бошлайди.

Матбуот ва ахборот агентлиги эса таҳририятлар ёки юридик шахс бўлмаган даврий нашр муассисларининг МЧЖ шаклида бўлишига барҳам беришлари лозим бўлади. Минглаб инсонлар билан ишлайдиган корхонанинг масъулияти чекланган бўлмаслиги керак, масъул бўлмоғи лозим.

Эслатиб ўтамиз, гап таҳририятларнинг кун кўриши учун зарур бўлган, муштарийларнинг еб кетилаётган миллиардлаб маблағи ҳақида бормоқда.

Обунани ташкил қилиш

Обуна уюштириш ихтиёрий мажбурий тарзда ўтказилса ҳам, корхона, ташкилот ва муассасаларда мажбурий пул йиғилиши бас қилиниши керак. Майли, ходимларга, ўқувчи ва талабаларга обуна бўлиш тавсия қилинсин, ёшлар иттифоқи томонидан тарғиб қилинсин, ана, ёки лозим топилса — раҳбарият томонидан буюрилсин, лекин уларнинг ойлиги, стипендиясидан ушлаб қолинишига, ота-онасидан пул йиғилишига тўлиқ чек қўйилиши керак.

Обуна мавсумида нашрларга обуна бўлиш — обуна квитанцияларига қараб ҳисобланиши лозим. «Қани, қайси нашрга обуна бўлдинг?» деб обуна квитанцияси сўралиши керак. Мактабларда, олий ўқув юртларида ҳам ўқувчи ва талабалардан обуна бўлган нашрларининг квитанцияси сўралиши керак. Кимгадир шу ҳисобот қизиқ бўлса — ўша квитанцияларга қараб ҳисоб-китоб юргизсин. (Гарчи, кўзларида мудом олов бўлган ёшлар иттифоқи вакилларидан бўлак кимдир пул йўқ бўлган жойда шу ишни жонбозлик кўрсатиб бажаришига кўп ҳам ишонмаётган бўлсам ҳам).

Кейин «почта» ва «матбуот тарқатувчи», шунингдек, бу борада катта тажриба орттирган бошқа хусусий тарқатувчиларимиз ўз интернет сайтларида электрон обуна тизимини мукаммал йўлга қўйишлари керак. Пластик карточка, CLICK тизими орқали бемалол ўз уй манзилига обуна бўлиш тизимини мукаммаллаштиришлари талаб этилади. Уларда бу ишлар оқсаётгани сабабли, юқорида тасвирлаб ўтилган қаллобларнинг бемалол фаолият кўрсатишига замин яратилмоқда.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига мурожаатномасида ҳам ҳозирги кундаги журналистиканинг аҳволи бир қур танқид қилиб ўтилди. Мажбурий обунанинг борлиги ҳам айни кунда журналистикамизни боқиманда қилиб турган иллатлардан бири эканлиги шубҳасиз. Ўзингиз айтинг, обунасини маъмурий ресурс билан ҳал қиладиган, йиллик бюджетига жонини койитмасдан етарли пул тўплаб ололадиган таҳририят журналистика билан шуғулланадими?

Кимдир бировга «Сен мана бу нашрга обуна бўласан!» деб айтишга мутлақо ҳақли эмас, аслида. Майли, кишилар обуна бўлишга жалб қилинсин, тарғиб қилинсин, уларга тавсия берилсин. Лекин танлов ҳуқуқи уларнинг ўзида қолдирилиши шарт. Ана шунда юқорида номлари тилга олиб ўтилган беш тоифа даврий нашрлар ўртасида рақобат юзага келади. Таҳририятлар матбаачилик бозорида ўз ўқувчисини топган хусусий нашрлар каби меҳнат қилишга, ўзларини реклама қилишга, обуначи учун жон куйдиришга мажбур бўлишади. Мухлисларнинг кўнглидан жой оладиган мақолалар ҳам ўз-ўзидан ёзила бошлайди.

Ва айнан мана шу ҳолатда адолат юзага келади ва одамларимизда танлаш ҳуқуқи, азалий тажрибага эга бўлган ташкилотларнинг сифатли хизматидан фойдаланиш ва сифатли даврий нашрларни (ўз вақтида!) қўлига олиш имконияти пайдо бўлади.

Қолаверса, ўқитувчи ва шифокорларимиз мажбурий меҳнат каби йиллар давомида уларни қийнаб келган муаммолардан буткул халос бўлаётган бир пайтда, ортиқча даромади бўлмаган, фақат маошга кун кўрадиган бу заҳматкаш фидойиларимизни мажбурий обуна деган «иллат»дан ҳам халос қилишга аллақачон фурсат етиб келган.

Шуҳрат Шокиржонов