Ошхона

Очил дастурхон: “Шимолий ўрмон” салати

Биз сизга тавсия этаётган ушбу салат Янги йил дастурхони учун айни муддао. Айниқса, қўзиқоринларни яхши кўрадиганлар учун бу салат жуда ёқиши тайин. Уни тайёрлашга кўп вақт сарф этилмайди. Баъзи масаллиқларни шароит ва таъбга кўра ўзгартириш мумкин.

Салатга керакли маҳсулотлар:

400 грамм маринадланган шампиньон қўзиқоринлари; 300 грамм товуқ (мол гўштини ҳам ишлатиш мумкин) гўшти; 200 грамм корейс қизил сабзиси (тайёр ҳолатда бўлади); 150 грамм ўртача қаттиқликдаги пишлоқ; 2-3 дона картошка; Майонез; Укроп; Петрушка; Барра пиёз;

Салатни тайёрлашни бошлашдан аввал, товуқ гўшти ва картошкани пишириб оламиз. Аввал, товуқ гўштини олдиндан пишириб, сўнг унинг шўрвасида картошкани пишириш ҳам мумкин. Пишлоқ майда тишли қирғичдан ўтказиб олинади. Қолган барча масаллиқлар сомонча шаклида тўғралади. Кўкатлар майда шаклда тўғраб олинади.

Тайёрлаш жараёни:

Одатда, маҳсулотлар қават-қават қилиб териб чиқиладиган ушбу салат лаганга ёки доира шаклдаги махсус идишга солиб тайёрланади. Бироқ, уни бошқача шаклда тайёрлаш ҳам мумкин.

Идишнинг таг қисмига бир қатор қилиб маринадланган шампиньон қўзиқоринларни териб чиқамиз. Устидан эса пишлоқни сепамиз. Унинг устидан кўкатлар сепилади, майонез суртилади.

Шу зайлда қўзиқориндан кейин картошка, товуқ гўшти, корейс сабзиси устма-уст терилади ва ҳар биринг орасига кўкатлар, туз, пишлоқ сепилади ва майонез суртиб чиқилади. Таъбга кўра ушбу салатни кетма-кетликда 7-8 қават ёки 4 қаватли қилиш ҳам мумкин. Масаллиқлар териб чиқилгач, салатнинг устки қисмига пишлоқ ва кўкат сепилади ҳамда қўзиқоринларнинг уст қисми тепага қаратиб жойлаштирилади.

Манба: Qalampir.uz