Биласизми?

Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга моддий ёрдам берилади

Адлия вазирлигининг Телеграм-каналида хабар қилинишича, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари қуйидаги манбалардан шаклланади:

ҳар йили 300 млрд. сўмгача бўлган миқдорда ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамоат фондининг маблағлари Васийлик кенгашининг қарорига мувофиқ:

хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатишга;

хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этишда;

меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашда кўмаклашишга;

хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорликни ташкил этишда имтиёзли кредитлар беришга;

оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича вазифаларнинг амалга оширилишини молиявий қўллаб-қувватлашга;

ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилани шакллантириш, унинг маънавий-ахлоқий негизлари ва анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мақсадли ишлар олиб борилишига кўмаклашишга;

оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарни турар-жой билан таъминлашда бошланғич бадалларини қайтарилмаслик шарти билан тўлаб беришга;

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва "Оила" марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва тизимда фаолият юритаётган ходимларни моддий қўллаб-қувватлашга;

Ижро этувчи дирекцияни сақлашга ишлатилиши мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Ўзбекистон президентининг 2018 йил 2 февралдаги фармони билан ташкил этилган эди.